Дунё

Россиялик ҳарбийлар сафарбарликка тайёргарлик бўйича машғулотлар ўтказаётгани маълум бўлди

Россия ҳарбийлари сафарбарликка тайёргарлик машғулотларини ўтказаётгани маълум бўлди.

Июл ойида Калининград вилоятида сафарбарлик эълон қилинган тақдирда қандай ҳаракатланиш бўйича ҳарбий машғулотлар ўтказилгани аниқланди. Бу ҳақда Тҳе Валл Стреет Жоурнал ғарб разведка хизматлари вакилларига таяниб хабар берди.

Нашр манбаларига кўра, машғулотлар давомида ҳарбийлар, жумладан, ҳудудда сафарбарлик тадбирларини ўтказишга тайёргарлик даражасини, сафарбар қилинганларни жойлаштириш имкониятларини, уларни озиқ-овқат ва қурол-яроғ билан таъминлаш тизимини текширган.

Ғарб махсус хизматлари вакилларининг айтишича, шунга ўхшаш ўқув машғулотлари Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда. Бироқ улар айнан қайси ҳудудлар ҳақида гап кетаётганини очиқламаган.

ВСЖ манбалари буни янги сафарбарлик тўлқини эълон қилинишига тайёргарлик деб атаган. Уларнинг фикрича, сентябрдаги парламент сайловларига қадар сафарбарлик эълон қилиниши эҳтимолдан йироқ.

Шу билан бирга, газета суҳбатлашган экспертлар, агар Россия ҳукумати кузда сафарбарлик эълон қилса, бундай қарорнинг амалий самараси қандай бўлиши ҳозирча тушунарсиз эканини қайд этди. Улар қишда мураккаб об-ҳаво шароити туфайли жанговар ҳаракатлар секинлашишини эслатди. Бироқ Карнеги жамғармаси таҳлилчиси Майкл Кофман фикрича, янги сафарбарлик тўлқини фронтдаги вазиятга 2027-йилдаёқ таъсир кўрсатиши мумкин.

Янги сафарбарлик тўлқини эҳтимоли ҳақида июн охиридан буён хабар бериб келинмоқда. Энг кўп тилга олинаётган тахминга кўра, сафарбарлик сентябрдаги сайловлардан кейин эълон қилиниши мумкин.

Россия расмийлари эса янги сафарбарлик режалари борлигини инкор этиб келяпти. Улар 2022-йил сентябрда сафарбарлик эълон қилинишидан олдин ҳам шундай баёнотлар берганди. Шу билан бирга, 2022-йилда бошланган сафарбарликни расман тугатиш ҳақида алоҳида фармон ҳануз эълон қилинмаган.

Янги сафарбарлик ҳақидаги миш-мишлар фонида “Ковчег” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти август ойида россияликларнинг мамлакатдан кўчиб кетиш имкониятларига қизиқиши кескин ошганини қайд этди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.