Россияда мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар сони камайгани айтилди
Россия миграция назоратини кучайтирди: хорижликлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 40 фоизга камайди, 100 мингга яқин киши мамлакатдан чиқариб юборилди, яна 197 минг кишининг кириши тақиқланди.

**Россияда мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар камайгани билдирилди**
2026-йилнинг биринчи ярим йиллигида Россияда хорижий фуқаролар содир этган жиноятлар сони 40 фоизга қисқариб, 14,5 мингтани ташкил этди.
Таққослаш учун, ўтган йил якунларига кўра хорижликлар томонидан 41 мингта жиноят содир этилган эди.
Кикот бу кўрсаткич пасайишини, жумладан, миграция хизмати ваколатлари кенгайгани билан изоҳлади. Ҳозир асосий эътибор «уюшган жиноий гуруҳларни, ноқонуний миграция каналларини ва қалбаки ҳужжатлар тайёрлайдиган яширин босмахоналарни аниқлашга» қаратилмоқда. Аниқланган уюшган гуруҳлар сони 30 фоизга ошди.
Хорижликлар содир этаётган жиноятларнинг ярмидан сал ками Москва шаҳри, Москва вилояти ва Санкт-Петербург ҳиссасига тўғри келади. Бошқа ҳудудларда бу кўрсаткич ўртача 2–3 фоизни ташкил этади.
Шу билан бирга, ИИВ миграция назоратини кучайтирди. Рейдлар сони 155 мингтага, текширилган юридик шахслар сони эса 43 фоизга кўпайди. Россиядан 100 мингга яқин хорижлик чиқариб юборилди, улардан 75 минг нафари мажбурий тартибда. Қонунчиликни бузган 197 минг нафар хорижликнинг мамлакатга кириши тақиқланди.
Бундан ташқари, аниқланган қалбаки ва қасддан ёлғон маълумотлар киритилган ҳужжатлар сони ўн баравар ошди. Текширувлар якунларига кўра вақтинча яшаш учун 20 мингта рухсатнома ва яшаш гувоҳномаси бекор қилинди.
Транспорт тугунларида ва давлат чегарасидан ўтказиш пунктлари яқинида миграция назорати пунктлари ташкил этилмоқда. Ҳозирда шундай 23 та пункт фаолият кўрсатяпти. Кикотнинг сўзларига кўра, янги механизм ноқонуний муҳожирларни чегара пунктларидан ўтказмасликка ҳамда қонунбузарликдан сўнг Россияни тарк этаётган хорижликларнинг мамлакатга «қайта кириш йўлини тўсишга имкон беради».
ИИВ кўрилган чоралар натижасида Россияда бўлиб турган хорижликлар сони 8 фоизга қисқарганини қайд этмоқда. Шу билан бирга, «қонуний меҳнат қилаётган мигрантлар сони ортиб бормоқда».
2027-йилда ИИВ сунъий интеллектдан ҳам фойдаланадиган таҳлилий марказни ишга туширишни режалаштирмоқда. У чегара ва миграция назорати, юзни таниш камералари, иш берувчилар ҳамда давлат органларининг маълумотларини бирлаштиради.
ИИВ маълумотларига кўра, ҳар йили Россияга 9 миллионга яқин хорижлик келади. Айни вақтда мамлакатда 6–6,5 миллион нафар хорижий фуқаро, жумладан, 3 миллионга яқин меҳнат мигранти ва уларнинг 1,7 миллион нафар оила аъзоси истиқомат қилади.

