Россияда бензин ишлаб чиқариш ички талабнинг 70 фоизигача тушди — Реутерс

Россияда бензин ишлаб чиқариш ички эҳтиёжнинг 70 фоизигача тушиб кетди — Реутерс
Реутерс агентлигининг соҳадаги икки манбасига таяниб хабар беришича, Россияда бензин ишлаб чиқариш август ойи охирига келиб ички талабнинг қарийб 70 фоизини қоплайдиган даражага пасайган. Бунга Украина дронларининг нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлари сабаб бўлган.
Ҳозирда мамлакатда кунига тахминан 80 минг тонна бензин ишлаб чиқарилмоқда. Ёз ойларида ички талаб кунига 115 минг тонна атрофида бўлади. Шу тариқа, ишлаб чиқариш ва талаб ўртасидаги фарқ 35 минг тоннага етган.
Август ойида Россияда кунига ўртача 90 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган, бу ёзги талабнинг қарийб 80 фоизини ташкил этади.
Сўнгги бир ҳафта ичида Украина дронлари Перм, Нижний Новгород ва Ярославлдаги йирик нефтни қайта ишлаш заводларига зарба берди. Ҳужумлардан сўнг айрим корхоналарда ишлаб чиқариш тўлиқ ёки қисман тўхтатилган.
Россиянинг айрим ҳудудларида июл охирида жорий этилган ёқилғи савдосига оид чекловлар августда яна кучга кирди. Баъзи жойларда бир харидорга сотиладиган бензин миқдори чекланган бўлса, бошқа ҳудудларда ёқилғи автомобилнинг давлат рақамига қараб сотилмоқда.
Тақчиллик фонида Россия бензин импортини ҳам оширмоқда. Реутерс манбаларига кўра, августда Беларусдан қарийб 150 минг тонна бензин олиб келиниши кутилмоқда. Осиё давлатларидан денгиз орқали етказиб бериладиган нефт маҳсулотлари ҳажми эса 270 минг тоннага етиши мумкин.
Август ойида Россияга 220 минг тоннага яқин импорт бензини етказиб берилган, бу кунига ўртача 7 минг тоннани ташкил этади.
Бензин экспортига қўйилган тақиқ ва импорт ҳисобига Россия августда ички бозорга кунига ўртача 97 минг тонна ёқилғи етказиб бериши кутилмоқда. Бу мамлакатдаги талабнинг қарийб 85 фоизига тенг.
Россия Энергетика вазирлиги Реутерсънинг вазият юзасидан изоҳ сўровига жавоб бермаган.
Аввалроқ Россия ички бозордаги бензин тақчиллигини камайтириш мақсадида Қозоғистондан қарийб 50 минг тонна Аи-92 бензини сотиб олиш бўйича музокаралар бошлагани хабар қилинганди. Ўша пайтда мамлакатда бензин ишлаб чиқариш 2025-йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 25 фоизга камайгани айтилган эди.
Кейинчалик Россиядаги ёқилғи инқирози Марказий Осиё давлатларига ҳам таъсир қила бошлагани маълум бўлди. Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон ёқилғи таъминотини диверсификация қилиш ҳамда ички бозорда айрим чекловларни жорий этиш чораларини кўрган.
Июл ойида Финансиал Тимес Россиядаги ёқилғи танқислиги қарийб 50 миллион кишига таъсир қилаётганини ёзганди.
Россия ҳукумати вазиятни юмшатиш учун бензин экспортига қўйилган тақиқни бир неча бор узайтирди. Аввалроқ президент Владимир Путин ҳам мамлакатда ёқилғи билан боғлиқ муаммолар тўлиқ бартараф этилмаганини тан олганди.

