Россияга ёқилғи тақчиллиги қайтмоқда
Сочида ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги вазият туфайли аҳолидан шахсий автомобилларда йўлга чиқишдан тийилиш сўралди.

Россияда ёқилғи танқислиги яна авж олмоқда.
Сочи шаҳар маъмурияти аҳоли ва сайёҳларни ёқилғи етишмовчилиги сабабли шахсий автомобиллардан фойдаланишни чеклашга чақирди. Шаҳар ҳокимлиги баёнотида айтилишича, бу чоралар "ёқилғи қуйиш шохобчаларига юкламани камайтириш ва уларнинг одатий иш режимига қайтишини тезлаштириш"га ёрдам беради.
Ҳайдовчилар ёқилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар юзага келган тақдирда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишлари шартлиги ҳақида огоҳлантирилди.
Ушбу чақириқ шаҳар маъмуриятида ёқилғи билан боғлиқ вазият муҳокама қилинган йиғилишдан сўнг эълон қилинди. Расмийлар "логистикадаги узилишлар туфайли" йирик ёқилғи қуйиш шохобчалари операторлари ёқилғи беришда лимитлар жорий этганини маълум қилди. Баъзи шохобчаларда "юзага келган шов-шув туфайли" жисмоний шахсларга бензин сотишга чекловлар қўйилган.
Sochi1.ru нашрининг хабар беришича, шаҳарда учинчи кундирки ёқилғи билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ёқилғи қуйиш шохобчалари атрофида навбатлар 12 соатгача чўзилиб, йўлларда тирбандликларни келтириб чиқармоқда. Айрим сайёҳлар бензин йўқлиги сабабли уйига қайта олмаяпти.
Россияда ёқилғи инқирози Украинанинг нефт корхоналарига берган зарбалари туфайли кучайган. 8-август куни Украина дронлари Краснодар ўлкасидаги Илский нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилган эди.
Ёқилғи инқирози июн ва июлнинг биринчи ярмида чуқурлашган эди. Ўша даврда Россия ҳудудларида бензин сотувига турли чекловлар жорий этилиб, одамлар ёқилғи қуйиш шохобчаларида соатлаб навбатда туришга мажбур бўлган. Кейинчалик Украина ҳарбийлари нефтни қайта ишлаш заводларидан Вилдберриес маркетплейси омборларига эътибор қаратгач, ҳудудларда ёқилғи сотувига қўйилган чекловлар бекор қилина бошлаган эди.
Аммо сўнгги кунларда нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлар яна фаоллашди. "7х7" нашрининг баҳолашича, камида 15 та ҳудуддаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар пайдо бўлган ва АИ-92 ҳамда АИ-95 бензинининг етишмовчилиги кузатилмоқда.

