Россияда ёқилғи инқирозининг янги тўлқини: бензин қимматлашмоқда, навбатлар ва узилишлар бор
11-августдан 17-августгача Россия бўйлаб 40 та ҳудудда бензин нархи ошди. Муаммо фақат бензиннинг нархи билан эмас, балки унинг мавжудлиги ҳам савол остида қолмоқда. Москва ва Санкт-Петербургдаги айрим тармоқлар яна ёқилғи сотишга лимитлар жорий қилди.

Россияда ёқилғи инқирозининг янги тўлқини: бензин қимматлашмоқда, навбатлар ва узилишлар бор
11-августдан 17-августгача бўлган даврда Россиянинг 40 та ҳудудида бензин нархи ошган. Энг кўп ўсиш Красноярск ўлкасида – 8,1% ни ташкил этмоқда. Росстат маълумотларига кўра, РФнинг яна 20 та субьектларида нархлар пасайган. Энг катта пасайиш Тивада - 3,6%.
Ёқилғи-энергетика мажмуаси марказий диспетчерлик бошқармаси маълумотлари, умумий олганда – йил бошидан 12-июлга қадар ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-92 ва АИ-95 бензини ўртача 7,4% га қимматлашган. Дизел ёқилғиси нархи эса 12,1% га ошган.
Фақатгина бензин нархида эмас, балки унинг мавжудлигида ҳам муаммолар бор, деб ёзмоқда Медуза. Москва ва Санкт-Петербургда айрим тармоқлар ёқилғи сотишга яна лимитлар жорий қилди. Иккала шаҳардаги «Татнефт» ёқилғи қуйиш шохобобчаларида бир харидорга 50 литргача бензин ва 60 литргача дизел берилмоқда.
«Газпром нефт» шохобчаларида эса – 60 литргача бензин, дизел учун лимит йўқ. Москва шохобчаларида навбатлар дам олиш кунлариёқ пайдо бўла бошлади. «Российская газета»нинг ёзишича, москваликлар навбациз ёқилғи қуйиб олиш учун эрталаб соат бешда турмоқда.
Мамлакатдаги бензин билан боғлиқ вазиятни очиқ манбалар асосида кузатиб борувчи БенЗинМап портали маълумотларига кўра, 20-август ҳолатига кўра, камида 59 та ҳудудда ёқилғи сотишга қатъий чекловлар киритилган.
Россиянинг яна 17 субьектида маҳаллий узилишлар ёки нархларнинг сезиларли ўсиши кузатилмоқда. 16-август ҳолатида эса Россия ёқилғи қуйиш шохобчаларининг атиги 28 фоизида бензин ва дизел ёқилғиси мавжуд бўлган.
Россия ОАВларининг ёзишича, ёқилғи инқирозининг иккинчи кенг кўламли тўлқини мамлакатни бир текисда қамраб олаётгани йўқ. Июн ойидагидек, ёқилғи тақчиллиги бўйича энг кўп шикоятлар Сибир ҳудудларидан келиб тушмоқда. Масалан, Иркуцк вилоятининг Бодайбо туманида бензин захиралари бир ой ичидаёқ тугаб қолиши мумкин. Янги таъминотлар эса ҳозирча кутилмаяпти. Тақчиллик шунингдек, Краснодар ўлкаси, Тамбов ва Астрахан вилоятларида ҳам кузатилмоқда. Самара вилоятида эса ёқилғи сотиш бўйича амалдаги чекловлар узайтирилди. Бироқ уни қўшимча бензин бочкаларига қуйиб олишга рухсат берилди.
Мотор мойлари ҳам камаймоқда
Нашрнинг ёзишича, ёқилғи инқирозининг янги тўлқини фонида мотор мойларини етказиб беришда ҳам узилишлар юзага келди. Ҳозирча тўлиқ тақчиллик йўқ, аммо сотувдан айрим маҳсулотлар йўқолган. Шунингдек, етказиб бериш муддатлари ошган, айрим сегментларда эса нархлар 40 фоизгача кўтарилган.
Гап нафақат импорт мойлари, балки Россияда ишлаб чиқарилган мойлар етишмовчилиги ҳақида ҳам кетмоқда. Узилишлар – дрон ҳужумлари сабабли айрим нефтни қайта ишлаш заводлари фаолияти тўхтатилгани, шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хорижий қўшимчалари (присадкалар) етишмаслиги билан боғлиқ.
Бундан ташқари, сўнгги бир неча ҳафта ичида Волгоград, Саратов, Ярославл, Нижнекамск, Самара вилояти, Краснодар ўлкаси ва Бошқирдистондаги нефтни қайта ишлаш заводлари ҳам дронлар ҳужумига учраган.

