Иқтисодиёт

Россияда – ёнилғи инқирозининг янги тўлқини

Регионларга заправкалардаги навбатлар, бензин учун лимитлар ва «жуфт-тоқ» тизими қайтган.

Россияда август ойида Украина дронларининг нефтни қайта ишлаш заводларига берган зарбалари ортидан ёнилғи инқирозининг янги тўлқини бошланди. Мамлакатнинг жанубий ҳудудларидан тортиб Приморе ўлкасигача бўлган аҳоли ёнилғи қуйиш шохобчаларидаги узун навбатлардан шикоят қилмоқда. Оренбург вилояти ва Сочида бир қўлга бериладиган ёнилғи миқдори бўйича чекловлар қайта тикланди. Сочи маъмурияти ҳатто маҳаллий аҳоли ва сайёҳлардан шахсий транспортда сафарга чиқмасликни сўрамоқда.

"Медуза" нашрининг хабар беришича, камида 12 та ҳудудда, жумладан Краснодар ўлкаси, Воронеж, Калуга, Ростов, Рязан, Тамбов, Тула, Саратов, Смоленск, Пенза ва Улянов вилоятлари, шунингдек Примореда ёнилғи учун узун навбатлар кузатилмоқда.

Сочи маъмурияти 11-август куни "етказиб беришдаги логистик бузилишлар" туфайли автомобилларга ёнилғи қуйиш стансияларида лимитлар ўрнатилганини эълон қилди. Шунингдек, заправкаларга юкламани камайтириш мақсадида аҳоли ва сайёҳлардан "имкон қадар шахсий транспортда сафарга чиқишдан тийилиш" сўралган.

Оренбург вилояти губернатори Евгений Солнсев ҳам ҳудудда "ёнилғи билан боғлиқ вазият мураккаблиги"ни тасдиқлади. 12-августдан бошлаб вилоятдаги барча заправкаларда лимитлар (30 литрдан ортиқ бензин, 60 литрдан ортиқ дизел қуйилмайди) ва "жуфт-тоқ" тизими жорий этилди. Бу тизимга кўра, авторақами жуфт рақам билан тугайдиганлар жуфт кунларда, қолганлари эса тоқ кунларда ёнилғи қуйиши керак. Солнсев "автомобилларга ёнилғи қуйиш стансияларидаги вазиятни мувофиқлаштириш учун" полициячилар ҳам жалб этилишини маълум қилди.

Бундан ташқари, Красноярск ўлкаси ва Бошқирдистондан бензин тақчиллиги ва баъзи заправкаларнинг ёпиқлиги ҳақида шикоятлар келиб тушмоқда. Нархлар ўсиши ҳам қайд этилган, айниқса Владимир Путин ташриф буюрган ҳудудларда (ташрифдан олдин нархлар пасайганди).

Красноярскда Путиннинг ташрифидан бир кун олдин баъзи заправкаларда бензин нархи кескин пасайган (бир литр учун 24 рублга). Заправкадагилар буни "логистика вақтинча яхшилангани" ва "тўғридан-тўғри нефтни қайта ишлаш заводларидан қўшимча ёнилғи келиб тушгани" билан изоҳлашган. Аммо президент кетиши билан нархлар аввалги даражасига қайтган.

Путиннинг навбатдаги манзили бўлган Новосибирскда унинг кортежи бўш заправка яқинида тўхтаган. Бу ерда президент ўзини кутиб турган болалар билан мулоқот қилган. Кремл пулидаги мухбир Павел Зарубин томонидан олинган бу кадрлар кўплаб нашрларда тарқатилди. Бу кадрларда заправкадаги нархлар таблоси ўчириб қўйилганди.

Москва ва Санкт-Петербургдан бу масалада ҳозирча деярли шикоятлар йўқ. Аммо "Бизнес ФМ" тингловчиси "Роснефт"нинг Дмитровский шоссе бўйидаги бир нечта заправкаларида АИ-95 бензини йўқлигини хабар қилган.

Расмийлар инқирознинг янги тўлқини ҳақида расман маълумот бермади. Бош вазирнинг ёнилғи соҳасига масъул ўринбосари Александр Новак 11-август куни ички бозордаги вазият бўйича йиғилиш ўтказди. Йиғилиш якунлари бўйича тегишли идоралар, ҳудудий ҳокимият органлари ва нефт компанияларига "ички бозорни ёқилғи билан таъминлаш бўйича келишилган ишларни давом эттириш", нархлар динамикасини мониторинг қилиш ва истеъмолчиларга бензинни "узлуксиз етказиб бериш"ни кафолатлаш бўйича топшириқлар берилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.