Россияда 26 та аеропорт авиаёнилғи қуйишни чеклади
Россияда авиаёнилғи билан боғлиқ вазият фонида камида 26 та йирик аеропортда самолётларга ёнилғи қуйиш бўйича чекловлар жорий этилди. Уларнинг 15 тасида чекловлар фақат хорижий авиакомпаниялар самолётларига тааллуқли.

Россияда 26 та аеропорт авиаёнилғи қуйишни чеклади
Россия аеропортларида самолётларга ёнилғи қуйишга оид чекловлар кенг кўламда жорий этилмоқда. “Верстка” нашри аеронавигация ахборот тизими маълумотларига таянган ҳолда ёзишича, 7-сентабр ҳолатига кўра, бундай чоралар мамлакатдаги камида 26 та йирик аеропортда амал қилмоқда.
Нашрга кўра, илк чекловлар июн ойида жорий этилган, иккинчи тўлқин эса сентабрга тўғри келган. Уларнинг амал қилиш муддати аеропортга қараб бир ойдан қарийб етти ойгача белгиланган.
Хусусан, Санкт-Петербургдаги Пулково аеропортида 2-сентабрдан 2027-йил 16-мартга қадар самолётларга фақат парвоз режасида кўрсатилган ҳажмда ёнилғи қуйишга рухсат берилган. Қўшимча ёнилғи олиш имконияти чекланган.
Калининграддаги Храброво аеропортида ҳам шунга ўхшаш тартиб 8-июндан 6-декабрга қадар амал қилади. Бу икки аеропортда чекловлар Россия ва хорижий авиакомпанияларга бирдек татбиқ этилади.
26 та аеропортнинг 15 тасида эса чоралар фақат хорижий авиакомпанияларга тегишли. Учувчилар учун эълон қилинган НОТАМ хабарларида хорижий авиакомпаниялар самолётларига фақат битта парвозни амалга ошириш учун зарур бўлган миқдорда ёнилғи қуйилиши кўрсатилган.
Бундай чекловлар Қозон, Уфа, Перм, Екатеринбург, Челябинск, Тюмен, Иркуцк, Владивосток, Хабаровск ва Якуцк каби шаҳарлар аеропортларида амал қилмоқда. Уфада мунтазам бўлмаган рейсларни бажарадиган самолётларга ёнилғи қуйиш ҳам чекланган.
“Верстка”га кўра, авиаёнилғи билан боғлиқ энг мураккаб вазият Россия жанубида кузатилмоқда. Ҳозир ишлаётган олтита аеропортдан Сочи, Волгоград ва Астрахандаги чекловлар маҳаллий ва хорижий ташувчиларга бирдек тааллуқли. Краснодар, Минералние Води ва Владикавказ аеропортларида эса чекловлар хорижий авиакомпаниялар учун жорий қилинган.
ДВ Россиядаги ёнилғи тақчиллигини Украина дронларининг нефтни қайта ишлаш заводларига зарбалари билан боғламоқда. Нашр маълумотларига кўра, йил бошидан бери Россия нефтни қайта ишлаш заводларига камида 70-марта зарба берилган.
Август охирига келиб Россияда бензин ишлаб чиқариш ҳажми ички истеъмолнинг тахминан 70 фоизига тенг бўлгани, кунлик тақчиллик эса 30 минг тоннага етгани хабар қилинган. Фақат август ойида камида еттита нефтни қайта ишлаш заводи тўлиқ ёки қисман ишини тўхтатган, мамлакатнинг 17 та ҳудудида ёнилғи сотиш бўйича чекловлар жорий этилган.

