Украина ИКАОни Россия узра парвозлар хавфсизлигига таҳдидлар ҳақида хабардор қилди
Украина Транспорт вазирлиги Россия аэропортларида рейсларнинг оммавий равишда кечиктирилиши фонида ICAOга Россия узра парвозлардан воз кечишга чақирувчи хат йўллади.

Украина ICAOга Россия узра парвозлар учун хавф-хатарлар тўғрисида хабар берди
Украина инфратузилма вазири Николай Калашник Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) бош котиби Хуан Карлос Салазар Гомесга хат йўллаб, унда Россия ҳудуди узра парвозлар хавфли эканидан огоҳлантирди.
Украина томони ташкилотга аъзо мамлакатларнинг авиация расмийлари ва авиакомпанияларини қўшимча хавфсизлик чораларини кўришга, жумладан, Россия ҳудуди узра парвозлардан бутунлай воз кечишга чақирди.
Калашник ўз хатида Украина БМТ Низомининг 51-моддасида назарда тутилган ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи доирасида ҳаракат қилаётганини кўрсатиб ўтди ва эскалация фонида фуқаролик ҳаво кемаларининг Россия ҳаво ҳудудида бўлиши юқори хавф-хатарлар билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ICAOга билдиришнома юборилганини тасдиқлади ва Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланишдан қочишга чақирди. У Киев ICAO, авиакомпаниялар ва ҳукуматларни эҳтиёткорлик чораларини кўриш зарурлиги ҳақида хабардор қилаётганини ҳамда кутилмаган ҳодисаларнинг олдини олишга интилаётганини маълум қилди.
Украина Президенти Владимир Зеленский аввалроқ Россия узра «осмонни ёпиш» ниятида эканини баён қилган ва авиакомпанияларни парвозлар учун хавфлар ортиши мумкинлигидан огоҳлантириб, Россия ҳаво ҳудудида дронлардан фойдаланиш давом эттирилишини таъкидлаган эди.
Россия Президенти Владимир Путин бунга жавобан ушбу баёнотларни «давлат терроризмига даъво» деб атади. Россия Транспорт вазири эса Россия авиация хизматлари фуқаро авиацияси ишида жиддий узилишлар бўлишига йўл қўймаслигини билдирди.
2 сентябрга ўтар кечаси Шереметьево, Домодедово ва Внуково аэропортларида рейсларнинг оммавий равишда кечиктирилиши ва бекор қилиниши юз берди — камида 77 та рейс кечиктирилгани ёки бекор қилингани хабар қилинди: Шереметьевода 40 та, Домодедовода 20 та ва Внуковода 17 та.
Домодедовода Анталиядан келаётган рейс кейинги кунга кўчирилди, Шереметьевода Сочига парвоз деярли олти соатга кечиктирилди, Внуковода эса Сочи ва Шарм-аш-Шайхга рейслар тахминан олти соатга кечикди.
Туркиянинг Pegasus авиакомпанияси ҳам рейсларини бекор қилди: Бодрумдаги йўловчилар учишни 10 соатдан ортиқ кутишди, шундан сўнг уларга Туркия томони ҳаво ҳудудидаги вазият туфайли учишларни тақиқлагани маълум қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Uzbekistan Airways ва Centrum Air авиакомпаниялари Россияга рейсларни одатий тартибда амалга оширишда давом этмоқда.
Давлат думасининг Мудофаа бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Алексей Журавлев Зеленскийни тинч аҳолига таҳдид қилишда айблаб, Россия ҳаво ҳудудида ёки аэропортида бўлган фуқаролик самолёти бортида турли мамлакатлар фуқаролари бўлиши мумкинлигини айтди.
Журавлев, шунингдек, Украина президентини жисмонан йўқ қилишга чақирди ва тахмин қилинаётган ҳужумларга тайёргарликни тўхтатиш учун ҳар қандай воситаларни, жумладан, тактик ядровий қуролдан фойдаланиш имкониятини қўллаш зарурлигини баён қилди.

