Қуртлаган шоколад: у яроқлилик муддати ўтмаган маҳсулотларда ҳам учрайди
Ижтимоий тармоқларда қадоқланган ширинлик ичидан тирик қурт чиққани акс этган видео тарқалди. Эътиборли жиҳати - видеодаги маҳсулотнинг яроқлилик муддати ҳали тугамаган. Маҳсулот яроқлилик муддати ўтмаган бўлса ҳам, қадоқ ичида қурт ёки бошқа зараркунанда пайдо бўлиши мумкинми? Бундай ҳолатга нима сабаб бўлади ва ҳашарот маҳсулотга қачон тушиб қолади? Kun.uz озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича мутахассисдан шу саволларга жавоб олди.

Қуртлаган шоколад: у яроқлилик муддати ўтмаган маҳсулотларда ҳам кузатилади
Яроқлилик муддати маҳсулот хавфсизлигининг ягона кафолати эмас
Мутахассис изоҳига кўра, маҳсулотнинг яроқлилик муддати ҳали тугамаган бўлиши унинг ҳар қандай шароитда хавфсиз эканини англатмайди. Бунда маҳсулотнинг қайси ҳарорат ва намликда сақлангани, қандай ташилгани ҳамда қадоқнинг бутунлиги катта аҳамиятга эга.
«Айнан шоколад маҳсулотлари учун белгиланган стандарт ҳарорат 20 даражадан юқори бўлмаслиги, нисбий намлик эса 75–80 фоиз бўлиши керак. Агар шу белгиланган талабларга риоя қилинмаса, ҳатто маҳсулотнинг герметиклиги бузилмаган тақдирда ҳам унинг ташқи кўриниши ўзгариши мумкин.
Қурт маҳсулотга қаердан тушади?
Маҳсулотнинг ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача бўлган йўли бир неча босқичдан иборат: ишлаб чиқариш, қадоқлаш, ташиш, омборларда сақлаш ва савдо. Ушбу босқичларнинг бирортасида санитария қоидалари ёки сақлаш талаблари бузилиши маҳсулот хавфсизлигига таъсир қилиши мумкин.
Мутахассиснинг таъкидлашича, маҳсулот қадоқлангандан кейин ҳам унинг хавфсизлигига ташқи омиллар таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, ташиш вақтида қадоқ шикастланиб, унга ҳаво кириши ёки маҳсулот нотўғри ҳароратда сақланиши эҳтимоли мавжуд.
«Истеъмолга яроқлилик муддати ҳали тугамаган бўлса ҳам, маҳсулот нотўғри сақланса, нотўғри ташилса ёки қадоғи бузилса, унинг хавфсизлиги бузилиши мумкин. Ташқи таъсирлар оқибатида иккиламчи ифлосланиш юзага келган маҳсулотни истеъмол қилиш тавсия этилмайди».

