Овқатдан заҳарланишни қандай аниқлаш мумкин, дастлабки соатларда нима қилиш керак ва қачон шифокорга мурожаат қилиш лозим? Шифокор тавсиялари
Овқатдан заҳарланиш ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ё тайёрлашдаги қоидабузарликларга йўл қўйилган маҳсулотлар туфайли рўй бериши мумкин. Газета умумий амалиёт шифокори Жавохир Халмухамедов билан аломатлар, биринчи ёрдам ва профилактика ҳақида суҳбатлашди.

Овқатдан заҳарланишни қандай аниқлаш, дастлабки соатларда нима қилиш керак ва қачон шифокорга мурожаат қилиш лозим? Шифокор тавсиялари
Овқатдан заҳарланиш — бу касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар, уларнинг токсинлари ёки бошқа зарарли моддалар билан ифлосланган озиқ-овқат ёки ичимликларни истеъмол қилиш натижасида юзага келадиган ҳолат. Кўпинча бактериялар, вируслар ёки паразитлар бунга сабаб бўлади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб қарийб 866 миллион киши, яъни сайёрамизнинг деярли ҳар тўққизинчи аҳолиси, сифациз ва хавфли маҳсулотларни истеъмол қилиш оқибатида касалланади. Бу ҳолат овқатни ишлаб чиқариш ва сақлашдан тортиб, уни тайёрлаш ва истеъмол қилишгача бўлган турли босқичлардаги қоидабузарликлар туфайли юзага келиши мумкин.
Айниқса, беш ёшгача бўлган болалар жуда заиф ҳисобланади; овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг деярли учдан бир қисми уларнинг ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, ҳомиладор аёллар, кексалар, иммунитети заифлашган ҳамда сурункали касалликларга чалинган инсонлар ҳам юқори хавф гуруҳига киради.
Жавоҳир Халмухамедов Газетаъга овқатдан заҳарланишни қандай аниқлаш, қайси ҳолатларда тиббий ёрдамга мурожаат қилиш ва касаллик хавфини қандай камайтириш мумкинлиги ҳақида маълумот берди.
Айрим маҳсулотлар, айниқса, нотўғри сақланганда, нотўғри тайёрланганда ёки етарли даражада термик ишлов берилмаганда, бошқаларга қараганда кўпроқ овқатдан заҳарланишга олиб келади. Буларга қуйидагилар киради:
Агар тайёр таомлар узоқ вақт хона ҳароратида қолдирилса, хом ва пишган маҳсулотлар бирга сақланса, кросс-контаминация, яъни ўзаро зарарланиш — касаллик қўзғатувчи микробларнинг хом озиқ-овқатлардан тайёр маҳсулотларга ўтиб қолиш хавфи ортади.
Аломатларнинг қачон намоён бўлиши касаллик қўзғатувчисига, организмга тушган микроорганизмлар миқдорига ва инсон организмининг индивидуал хусусиятларига боғлиқ. Масалан, стафилококкли токсикоинфексияда белгилар 30 дақиқадан 6 соатгача бўлган вақт ичидаёқ пайдо бўлиши мумкин, салмонеллёзда — 1-3 суткадан кейин, кампилобактериозда эса — 2-5 кун ўтиб юзага чиқади.
Овқатдан заҳарланишнинг асосий белгилари: кўнгил айниши, қайт қилиш, диарея, қориндаги санчиқли оғриқлар, ҳолсизлик ва тана ҳароратининг кўтарилиши.
Касаллик оғир кечганда сувсизланиш аломатлари — кучли чанқоқ, оғиз қуриши, кам пешоб ажралиши ва бош айланиши кузатилиши мумкин.
Шифокорнинг сўзларига кўра, овқатдан заҳарланишни ошқозон-ичак трактининг бошқа касалликларидан фарқлай олиш муҳим. Заҳарланиш учун аниқ бир маҳсулот билан боғлиқлик, тўсатдан ва ўткир бошланиш ҳамда одатда бир-уч кун ичида тўлиқ тузалиш хосдир.
Ротавирус, дизентерия ва бошқа ичак инфексиялари одамдан одамга, ифлосланган сув, озиқ-овқат, маиший буюмлар ёки ювилмаган қўллар орқали юқадиган вируслар ёки бактериялар туфайли келиб чиқади. Улар кўпинча нафақат қайт қилиш ва ич кетиши, балки ҳарорат кўтарилиши, бурун оқиши, томоқ оғриғи ва шамоллашга ўхшаш бошқа аломатлар билан ҳам кечади. Айрим ичак инфексиялари оғирроқ кечиши, кучли интоксикация ва қайта-қайта қусавериш билан бирга етти кунгача давом этиши мумкин.
Шунингдек, Жавоҳир Халмухамедов овқатдан кейинги ҳар бир қорин оғриғи ҳам овқатдан заҳарланиш эмаслигига эътибор қаратди. Агар қорин дам бўлиши, ич келишининг бузилиши ва ноқулайлик мунтазам такрорланса ва аниқ бир маҳсулотни истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлмаса, бунга ингичка ичакда бактерияларнинг ҳаддан ташқари кўпайиши синдроми ёки ошқозон-ичак трактининг бошқа сурункали касалликлари сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда мустақил равишда “навбатдаги заҳарланиш”ни даволашга уринмасдан, гастроентерологга мурожаат қилиш ва текширувдан ўтиш зарур.
Овқатдан заҳарланишнинг асосий хавфларидан бири — дегидратация, яъни сувсизланишдир. Организм суюқлик билан бирга электролитларни, жумладан, натрий ва калийни ҳам йўқотади. Кучли сувсизланиш оқибатида қон босими тушиб кетиши, буйраклар фаолияти бузилиши, кучли ҳолсизлик ва оғир ҳолатларда карахтлик юз бериши мумкин.
Қайт қилиш ва ич кетиши кузатилганда суюқлик йўқотилишининг ўрнини мунтазам тўлдириб бориш муҳим. Суюқликни тез-тез ва оз-оздан, айниқса, кўнгил айниганда — ҳар 10-15 дақиқада бир неча қултумдан ичиш керак. Бунинг учун таркибида тузлар ва глюкоза бўлган регидратация эритмаларидан (масалан, “Регидрон”) фойдаланган маъқул. Улар нафақат сув балансини, балки қайт қилиш ва диарея пайтида организм йўқотган электролитларни ҳам тиклашга ёрдам беради. Агар бундай эритма топилмаса, оддий сув ёки очиқроқ дамланган чой ичиш мумкин.
“Идеал ҳолатда организм қанча суюқлик йўқоца, тахминан шунча миқдорда ўрни тўлдирилиши керак. Пешоб ажралишини кузатиб боринг: агар у мунтазам ва оч рангда бўлса, суюқлик етарли. Агар пешоб кам ажралса ва ранги тўқлашса, кўпроқ сув ичиш лозим. Агар инсон тинимсиз қусавергани сабабли суюқлик ича олмаса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак — бундай ҳолатда эритмаларни томир орқали юбориш талаб этилиши мумкин”, — дея тушунтиради шифокор.
Овқатдан заҳарлангандан кейин одатий рационга босқичма-босқич қайтиш лозим. Дастлабки соатларда ўзини мажбурлаб овқатлантириш керак эмас. Бироқ шифокор тўлиқ тузалгунча узоқ вақт оч қолишни ҳам тавсия этмайди.
Иштаҳа очилгач, енгил овқатлардан иборат кичик порсиялар билан чекланган маъқул: гуруч қайнатмаси, сухари, банан, димлаб пиширилган олма, сувда ёки шўрвада тайёрланган картошка пюреси. Кунига 5-6 маҳал оз-оздан тановул қилиш тавсия этилади.
Иккинчи-тўртинчи кунларда, аҳволга қараб, қайнатилган товуқ, курка ёки балиқ гўшти, пиширилган сабзавотлар, сувда пиширилган бўтқалар, ёғсиз творог ва табиий ёгуртни аста-секин қўшиш мумкин.
Ёғли ва қовурилган овқатлар, аччиқ таомлар ва зираворлар, кўп миқдордаги ширинликлар, қаттиқ клетчаткали хом сабзавот ва мевалар, дуккакли маҳсулотлар, кофе, газланган ичимликлар ва шарбатлардан вақтинча воз кечган маъқул, спиртли ичимликларни эса бутунлай истисно қилиш шарт. Айрим ичак инфексияларидан сўнг лактозани вақтинча ҳазм қилолмаслик ҳолати юзага келиши мумкин, шунинг учун сутни ҳам вақтинча чеклаш лозим.
Одатда, умумий ҳолатга қараб, бир неча кун ёки бир ҳафта ичида одатий овқатланиш тартибига қайтиш мумкин.
Энг кўп тарқалган хато — “ҳар эҳтимолга қарши” ўзбошимчалик билан антибиотиклар ичишдир. Агар заҳарланиш озиқ-овқат таркибидаги токсинлар туфайли юзага келган бўлса, антибиотиклар ёрдам бермайди. Кўплаб ичак инфексиялари ҳам ўз-ўзидан ўтиб кетади ва антибактериал терапияни талаб қилмайди. Бундай дориларни назорациз қабул қилиш ножўя таъсирлар хавфини оширади ва бактерияларнинг уларга нисбатан чидамлилигини шакллантиради.
Мутахассис тавсиясисиз ич кетишига ва қусишга қарши дориларни ичиш мумкин эмас, айниқса, юқори ҳарорат кузатилганда ёки нажасда қон бўлса. Улар ҳамма вазиятга ҳам тўғри келмайди, аксинча, аҳволни оғирлаштириши ёки янада жиддийроқ касаллик аломатларини яшириши мумкин.
Энтеросорбентлар, жумладан, фаоллаштирилган кўмир қусиш ва ич кетишида биринчи ёрдамнинг асоси бўлган регидратация ўрнини боса олмайди. Уларни қўллашни шифокор билан маслаҳатлашган маъқул, айниқса, гап оддий овқатдан эмас, балки дорилар ёки кимёвий моддалардан заҳарланиш ҳақида кетаётган бўлса.
Қайт қилиш ўз-ўзидан бошланмаган бўлса, уни сунъий равишда қўзғатмаслик керак. Бу тузалишни тезлаштирмайди ва қизилўнгачнинг шикастланишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, ошқозонни спиртли ичимликлар билан “дезинфексия қилиш”га уриниш ҳам ёрдам бермайди — спирт ошқозон-ичак шиллиқ қаватини яллиғлантиради ва сувсизланишни кучайтиради.
“Енгил ҳолатларда асосий вазифа — организмнинг тикланишига ёрдам беришдир: суюқлик йўқотилишининг ўрнини тўлдириш, одатий овқатланишга босқичма-босқич қайтиш, зарурат бўлганда энтеросорбентлар, баъзан эса пробиотиклар қабул қилиш. Одатда махсус даволаниш талаб этилмайди. Қўшимча дори-дармонларни шифокор аломатларга қараб тайинлайди, антибиотикларни эса фақат бунга ҳақиқатан ҳам кўрсатма бўлган ҳоллардагина тавсия қилади”, — дейди Жавоҳир Халмухамедов.
Агар тинимсиз қайт қилиш сабабли бемор суюқлик ича олмаса, дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилиш шарт. Оғизнинг қаттиқ қуриши, ажралаётган пешоб миқдорининг кескин камайиши ёки бир неча соат давомида пешоб чиқмаслиги, бош айланиши ва кучли ҳолсизлик жиддий сувсизланишдан далолат бериши мумкин.
Қусиқ массасида ёки нажасда қон пайдо бўлганда, ахлат қорамтир тус олганда, қоринда кучли ёки кучайиб борувчи оғриқлар сезилганда, тутқаноқ ва карахтликда шошилинч ёрдам зарур. Шунингдек, юқори ҳарорат бир неча кун давомида тушмаса ёки аломатлар чекинмасдан аҳвол оғирлашса, шифокорга боришни кечиктирмаслик керак.
Кўришнинг бузилиши ёки битта буюмни иккита кўриш (диплопия), ютиниш ва гапиришнинг қийинлашиши, мушаклардаги кескин заифлик ботулизмдан далолат бериши мумкин — бу асаб тизимини шикастловчи ва нафас олиш мушаклари фалажига олиб келиши мумкин бўлган ўта оғир касалликдир. Бундай аломатларда тезкор тиббий ёрдам талаб этилади.
“Болалар, кексалар, ҳомиладор аёллар ва сурункали касаллиги бор инсонлар овқатдан заҳарланишни оғирроқ ўтказади, уларда сувсизланиш ва бошқа асоратлар тезроқ ривожланиши мумкин. Шунинг учун улар саломатлик ёмонлашувининг дастлабки белгиларидаёқ шифокорга мурожаат қилишлари лозим”, — деб тавсия қилади шифокор.
Овқатдан заҳарланиш хавфини камайтиришнинг асосий усулларидан бири — маҳсулотларни сақлаш ҳарорати меъёрларига риоя қилишдир. Совиткич камерасида ҳарорат +4 °С дан юқори бўлмаслиги, музхонада эса тахминан -18 °С бўлиши керак. Музлаткични ҳаддан ташқари тўлдириб юбормаслик лозим — совуқ ҳаво эркин айланиши учун маҳсулотлар орасида етарлича жой қолиши керак.
Хом гўшт, парранда гўшти ва балиқни ўзаро зарарланишнинг олдини олиш мақсадида тайёр таомлардан алоҳида сақлаш зарур.
Пиширилган таомларни хона ҳароратида узоқ вақт қолдирмаслик керак. Тез бузиладиган маҳсулотлар совиткичсиз кўпи билан икки соат, ҳаво ҳарорати +32 °С дан юқори бўлганда эса бир соатдан ортиқ қолмаслиги лозим.
Маҳсулот сотиб олаётганда нафақат унинг яроқлилик муддатини, балки сақлаш шароитларини ҳам текширинг. Гўшт, балиқ ва сут маҳсулотлари тўғридан тўғри қуёш нурлари остида эмас, балки совиткичли витринада ёки муз устида туриши шарт. Қадоқ бутун, шикастланмаган ва шишмаган бўлиши керак.
Бозорда сифати бузилгани сезилиб турган маҳсулотларни харид қилманг — масалан, сирти ёпишқоқ бўлиб қолган ёки нохуш ҳид келаётган гўшт, эзилган ва чириган сабзавот-мевалар, сўлиган ёки қорайган кўкатларни олманг.
Тайёр салатлар, роллар, сут ва бошқа тез бузиладиган маҳсулотларни харид аравачасига энг охирида солган маъқул, токи улар совиткичсиз иложи борича камроқ вақт турсин.
Йўлда тез бузиладиган озиқ-овқатларни совиткич элементлари бўлган термосумкаларда ташиш ва қизиб кетган машинада қолдирмаслик керак. Кабоб учун мўлжалланган хом гўштни тайёр таомлардан, сабзавотлардан ва термик ишлов берилмайдиган бошқа маҳсулотлардан алоҳида сақлаш лозим.
Пикникда асосий қоида — совуқлик занжирини бузмасликдир. Колбаса ва пишлоқ маҳсулотлари, маёнезли салатлар, окрошка ва бошқа совуқ таомларни сафарга чиқишдан олдин тайёрлаб, дастурхонга тортилгунча совуқ ҳолда сақлаган маъқул.
Гўштни тўлиқ пишириб/қовуриб олиш шарт.
Совиткичсиз икки соатдан кўпроқ, +32 °С дан юқори ҳароратда эса бир соатдан ортиқ очиқда турган таомларни кейинроқ ейиш учун уйга олиб кетмаслик керак.
Кўча таомларини харид қилаётганда савдо нуқтасининг тозалигига, масаллиқларнинг сақланиш шароитига ва совиткич ускуналарининг мавжудлигига эътибор беринг. Тайёр таом ёки унинг таркибий қисмлари юқори ҳароратда қанча кўп турса, бактерияларнинг кўпайиш хавфи шунча юқори бўлади.
Етказиб бериш хизматида эса ташиш вақти ва шароитлари айниқса муҳим. Хом балиқли роллар, маёнезли таомлар, сут маҳсулотлари ва кремли ширинликлар термосумкаларда етказиб берилиши шарт. Келтирилган таомни дарҳол истеъмол қилиш ёки совиткичга қўйиш лозим.
“Энг асосий қоида — маҳсулотнинг янгилиги ёки сақланиш шароитига шубҳангиз бўлса, уни асло истеъмол қилманг. Яроқлилик муддати ва қадоғини текширинг, сақлаш ҳарорати, ташқи кўриниши ва ҳидига эътибор беринг. Агар нимадир шубҳа уйғоца, таваккал қилмаган маъқул”, — дея хулоса қилади шифокор.

