Қозоғистон Хитой билан иккинчи АЕС қурилиши бўйича музокараларни бошлади
Олмаота биринчи АЕСни эса “Росатом” компанияси билан қуришни режалаштирганди. Иккинчиси Хитой билан ҳамкорликда қурилиши мумкин.

Қозоғистон Хитой билан иккинчи АЕС қурилиши юзасидан музокараларни бошлади
Қозоғистон иккинчи — “Мойинқум” атом электр стансиясини барпо этиш бўйича Хитой миллий атом корпорацияси билан музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда Республика энергетика вазири Ерлан Аккенженов маълум қилди, деб ёзади “Казинформ”.
“Ҳозирда келишув шартлари ва қурилиш муддатлари муҳокама қилинмоқда. Лойиҳалар 2035-йилгача амалга оширилишига умид қиламиз”, — деди вазир.
Қозоғистонда биринчи — “Балхаш” АЕСни Олмаота вилоятида қуриш режалаштирилган. 2026-йил сентябрида Россиянинг “Росатом” компанияси ва “Қозоғистон атом электр стансиялари” ташкилоти умумий қуввати 2,4 гВт бўлган иккита энергоблок қуриш бўйича шартнома имзолаганди. Қурилишни 2027-йилда бошлаш режалаштирилмоқда.
Аввалроқ Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов АЕСлар учун давлат стратегик уран захирасини яратиш ҳақида топшириқ берганди.

