Қозоғистон тенгеси Европа ва Осиёнинг энг кучли валютаси деб топилди

Қозоғистон тенгеси Европа ва Осиёда энг кучли валюта деб эътироф этилди, чунки халқаро инвесторлар мамлакатнинг ички қарзларини фаол сотиб олмоқда. Бу ҳақда Финансиал Тимес хабар берди.
Тенге 2026-йилда АҚШ долларига нисбатан 9,7 фоизга қимматлашди ва Лотин Америкаси ҳамда Африканинг айрим валюталаридангина ортда қолди. Марказий Осиёдаги энг йирик иқтисодиётда юқори фоиз ставкаларининг сақланиб қолиши хорижий актив бошқарувчиларини ўзига жалб этмоқда.
ЛГТ Сапитал Партнерс инвестиция компанияси вакили Жетро Сиеккиненнинг сўзларига кўра, бу жуда барқарор кўрсаткичдир. Унинг таъкидлашича, инвесторлар ўз портфелларини турли активлар билан бойитишни истамоқда, Қозоғистон облигацияларини сотиб олиш ва савдо қилиш эса анча осонлашган.
Июн ойидаги маълумотларга кўра, хорижликлар қўлидаги тенге давлат облигациялари ҳажми 5 миллиард долларга етган, бу умумий бозорнинг қарийб ўндан бир қисмини ташкил этади. Бир йил аввал бу кўрсаткич 2 миллиард доллар атрофида эди.
Инвесторларни Қозоғистондаги юқори фоиз ставкалари ҳам жалб қилмоқда. Июл ойида Марказий банк асосий ставкани 16,75 фоизгача туширди. Йиллик инфляция эса 2025-йил сентябрдаги 13 фоиздан июн ойида 10 фоизгача пасайди.
Аввалроқ Россиянинг Қора денгиздаги терминалига қилинган ҳужумлар Қозоғистон нефти экспортига тўсқинлик қилган эди. Украина расмийларининг маълум қилишича, АҚШ вице-президенти Жей Ди Венснинг илтимосидан сўнг ушбу терминалга ҳужумлар тўхтатилган.
ИНГ банкининг бош иқтисодчиси Дмитрий Долгиннинг сўзларига кўра, тенгенинг мустаҳкамланиши савдо оқимидан кўра кўпроқ капитал оқими билан боғлиқ. Апрел ойида Қозоғистон ички облигацияларни Эурослеар халқаро клиринг тизимига улаш режасини эълон қилганидан сўнг, мамлакатга инвестиция кириб келиши янада тезлашди.
Инвесторлар Қозоғистонни Россия ўрнини босувчи энергия ишлаб чиқарувчи муносиб муқобил деб билмоқда, чунки Россия 2022-йилда Украинага бостириб кирганидан кейин халқаро облигациялар бозоридан узилиб қолган эди.
Голдман Сачс эксперти Клеменс Графнинг таъкидлашича, хорижий капиталга қизиқиш фақат нефт нархига боғлиқ эмас. Қозоғистонда нефтнинг катта қисмини хорижий компаниялар қазиб олади, шу сабабли нефт қимматлашса, даромад мамлакат иқтисодиётига эмас, ўша компанияларга ва уларнинг фондларига ўтади.
Бундан ташқари, Қозоғистон инвестициявий кредит рейтингига эга бўлиб, бу борада Миср ва Нигерия каби мамлакатлардан устун туради. Қозоғистон ЖПМорган банкининг ГБИ-ЭМ деб номланган нуфузли индексига киришни мақсад қилган. Бу индекс ривожланаётган давлатларнинг миллий валютадаги облигацияларини ўз ичига олади.
Мамлакатга кириб келаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳам тенгега қўшимча куч бермоқда. Биринчи чоракда бу кўрсаткич 6,3 миллиард долларни ташкил этди. Ҳукумат нефтдан ташқари қўшимча даромад олиш учун Хитойдан Европага юк ташувчи транзит марказига айланишни режалаштирмоқда.
Осиё бозорлари фонди менежери Ручир Десаиниканинг айтишича, Қозоғистон Хитой товарларининг Европага транзитидан катта фойда кўрмоқда. Ҳозирда АҚШ ва Хитой бу ҳудудда ўз таъсирини ошириш учун рақобатлашмоқда.
Август ойида Қозоғистон Нвидиа ва Фиребирд компаниялари билан 10 миллиард долларлик шартнома имзолади. Бу маблағ мамлакатда маълумотларни қайта ишлаш марказларини қуришга йўналтирилади.
Ситис СЛСА таҳлилчиси Макс Ҳопкинснинг таъкидлашича, Қозоғистон Хитой ва Россия ўртасида жойлашган бўлиб, уларнинг ҳеч бирига тўлиқ қарам бўлишни истамайди. Шу сабабли кўпроқ хорижий капитални жалб қилишга интилмоқда.

