Иқтисодиёт

Хитойдан Европага 3 кунда: Қозоғистон 35 млрд долларлик янги маршрутни ишга туширмоқда

Қозоғистон Хитойдан Европага юк ташиш муддатини 3 кунгача қисқартирувчи, қиймати 35 миллиард долларлик янги маршрутни ишга туширмоқда. Бу ҳақда “Zakon.kz” хабар берди.

Мамлакат Хитой ва Европа ўртасидаги Ўрта коридорни мустаҳкамлаш мақсадида транспорт инфратузилмасига катта сармоялар киритмоқда. Янги йўллар ва темирйўллар қурилмоқда, портлар ва аеропортлар модернизация қилинмоқда.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таъкидлашича, қурилиши бошланган Бейнеу—Саксаул автомобил йўли Хитой ва Европани боғловчи “олтин кўприк” вазифасини ўтайди. Ушбу лойиҳа якунлангач, юк ташиш масофаси 1000 километрга, етказиб бериш вақти эса 3 кунгача қисқаради.

Сўнгги етти йил ичида Қозоғистон транспорт инфратузилмасига қарийб 35 миллиард доллар сармоя киритди. Натижада, Ўрта коридор бўйлаб юк ташиш ҳажми 5 баробарга ошиб, 2025-йилда 4,5 миллион тоннадан ортиқни ташкил этди.

**Темирйўллар ва рақамлаштириш**

Яқинда 1 миллиард долларлик Дўстлик—Мўйинти темирйўлининг иккинчи тармоғи қуриб битказилди. Бу поездлар ўтказувчанлигини кунига 12 жуфтдан 60 жуфтгача оширди. Шунингдек, Олмаота атрофида 75 километрлик четлаб ўтиш темирйўли ва 300 километрлик Аяғоз—Бақти йўналиши қурилмоқда. Хоргос қуруқликдаги порти ҳам кенгайтирилди.

Божхона тартиб-таомиллари ва рақамли тизимлар ҳам тартибга солинди. Натижада, контейнерлар Хитойдан Грузия портларига бор-йўғи 11–13 кунда етиб бормоқда.

**Автомобил йўллари ва авиация**

Мамлакатда Ғарбий Европа—Ғарбий Хитой йўлагининг 2787 километрлик қисми модернизация қилинди. ТРАСЕ дастури доирасида йўлларни кенгайтиришга 1,5 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирилди. Бу транзит вақтини 11 кундан 5 кунгача қисқартиради.

Авиация соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. 2025-йилда Қозоғистон аеропортлари қарийб 32 миллион йўловчи ва 173 минг тонна юкка хизмат кўрсатди. Олмаота ва Остона аеропортлари кенгайтирилмоқда. Остонага Сарголух ва Пасифис Сарго каби дунёнинг йирик юк ташувчи авиакомпаниялари парвозларни йўлга қўйди. 2026-йилда халқаро йўналишлар сони 135 тага етказилади.

**Каспий портлари ва 2030-йилгача бўлган стратегия**

Оқтов ва Қурик портлари модернизация қилинди. Оқтовда янги контейнер ҳаби қурилди. Портларнинг умумий қуввати йилига 21,6 миллион тоннадан ошди. Бу инфратузилма Озарбайжон ва Грузия портлари ҳамда Боку—Тбилиси—Қарс темирйўли билан интеграция қилинмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОЕСД) маълумотларига кўра, Хитой ва Европа ўртасидаги қуруқликдаги юк ташишнинг 83 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келмоқда. Мамлакат 2030-йилгача мўлжалланган стратегия асосида Евросиёнинг асосий транспорт-логистика ҳабига айланишни мақсад қилган.