Қозоғистон болалар учун фастфуд рекламасини чекламоқчи

Қозоғистонда болалар учун фастфуд рекламасига чеклов киритилиши мумкин
Қозоғистонда болаларга қаратилган фастфуд ва ширин ичимликлар рекламаси чекланиши эҳтимоли бор. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу йўналишда қонунчиликка таклифлар тайёрлади.
Таклифлар фастфуд, ширин ичимликлар ҳамда таркибида шакар, туз ва тўйинган ёғлар юқори бўлган маҳсулотларга тегишли.
“Ташаббуснинг асосий мақсади — болаларнинг озиқ-овқат танловига маркетинг таъсирини камайтириш ва эрта ёшдан соғлом одатларни шакллантиришдан иборат”, дейилади хабарда.
Озиқ-овқат рекламаси, айниқса, болалар ва ўсмирларга кучли таъсир қилади. Улар ёрқин қадоқлар, ижтимоий тармоқлар, блогерлар ва бошқа маркетинг воситалари орқали тарғиботга кўпроқ берилувчан.
“Вазирлик томонидан қонунчиликка туз, шакар, тўйинган ёғлар ва трансёғлар миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини телевидение, радиоканаллар, ижтимоий тармоқлар ва ташқи реклама воситаларида реклама қилишни чеклаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Ушбу таклифларни амалга ошириш учун вазирлик мазкур чекловларнинг тартибга солиш таъсирини таҳлил қилишни бошлади”, деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий ёрдамни ташкил этиш департаменти директори Гулнар Сарсембаева.
Тадқиқот натижаларига кўра, 6–9 ёшдаги болаларнинг 23 фоизи ортиқча вазнга, 6 фоизи эса семизликка эга. Бундан ташқари, ўсмирларнинг 17,5 фоизи ҳар ҳафта энергетик ичимликлар истеъмол қилади.
Январ ойида Буюк Британияда зарарли таомларни интернетда реклама қилишни тақиқловчи ва телевидениедаги рекламани чекловчи қонун кучга кирганди. Чекловлар таркибида шакар, ёғ ва туз миқдори юқори бўлган 13 тоифадаги маҳсулотларга тааллуқли. Жумладан, уларга шакар қўшилган ичимликлар (ёгурт каби айрим сут маҳсулотлари), чипслар, тузланган кракерлар, печеньелар, маккажўхори ёрмаси ва бошқа “тайёр” нонушта маҳсулотлари, попкорн, шоколад, сақич, музқаймоқ, шакарли пишириқлар, пицса ҳамда музлатилган таомлар киради.

