Дунё

Москвага «сездирмай борган» Ратклифф. АҚШ бош разведкачиси ким?

Август охирида АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жон Ратклиффнинг Россияга кутилмаган ташрифи катта шов-шувга сабаб бўлди. МРБ директори уруш бошлангач, илк марта Россияга борди. Ратклифф кўзга ташланмайдиган, сирли мулозим. Шу боис унинг ташрифи ОАВда катта қизиқиш уйғотди. Шу баҳонада биз ҳам дунёдаги энг қудратли разведка ташкилотини ким бошқараётганига тўхталамиз.

Москвага «сездирмай борган» Ратклифф. АҚШ бош разведкачиси ким?

Киноларда «ЦРУ» деб эшитишга одатланганингиз бу идора, шубҳасиз, дунёдаги энг қудратли ташкилотлардан бири. Унинг вазифаси ташқи разведка билан шуғулланиш. Аммо МРБ фақат разведка билан чекланмаслиги, Америка манфаатлари тўқнашган мамлакатларда махфий операциялар ҳам ўтказишини ўша киноларда ҳам кўп бора кўргансиз.

МРБнинг йиллик бюджети 30 млрд долларга етади, ходимлари сони эса 20 мингдан ошади. Шунга қарамай, у бошқа давлат разведкаларидан фарқли равишда ҳарбий эмас, фуқаролик ташкилоти ҳисобланади. Бугунги қаҳрамонимиз Жон Ратклифф Трампнинг биринчи президентлик даврида Миллий разведка директори бўлган. Иккинчи муддатида эса МРБ директори сифатида фаолият юритмоқда.

1965-йилда ўқитувчи оиласида туғилган Жон мактабни битиргач, Нотр-Дам университетида ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олади. Кейинчалик ҳуқуқшунослик бўйича докторлик даражасини ҳам олади. Табиийки, бир неча йил давомида ҳуқуқшунос сифатида ишлайди.

2004-йилда қаҳрамонимизнинг сиёсий фаолияти бошланади. У Техас штатидаги Ҳит шаҳарчаси мерлиги учун сайловда ғолиб чиқади. Кейинги сайловларда ҳам ютиб, шаҳарчани 2012-йилгача бошқаради. Мерлик фаолиятини бошлаган 2004-йилдан бошлаб Техас Шарқий Округи прокуратурасида кичик Жорж Буш маъмуриятининг терроризмга қарши кураш ва миллий хавфсизлик бўйича вакилига айланади.

2008-йилда Ратклифф АҚШ ҳукуматининг терроризмга қарши кураш бўйича маслаҳатчисига айланади. 2009-2014 йилларда у хусусий компания таъсисчиси сифатида асосан президентлик ва губернаторлик сайловларида қатнашаётган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

2014-йилда республикачи Ратклифф Техасдан Вакиллар палатасига сайланади. Унинг сайлов компанияси учун 400 минг доллар йиғилади. Донорлардан бири АҚШ собиқ бош прокурори Жон Эшкрофт эди. 2018-йилда Ратклифф АҚШ бош прокурори бўлиши ҳақида ёзишади, бироқ Трамп унга бундан ҳам каттароқ лавозим тайёрлаб қўйганди. Президент Трамп Миллий разведка идорасининг ўзи билан келишмай қолган директори Ден Коутни истеъфога чиқариб, унинг ўрнига Жон Ратклифф номзодини кўрсатади.

Сенаторлар Ратклифф ҳақида етарли маълумотга эга эмас эди, шу сабабли Сенат унинг номзодини қўллаб-қувватламайди. 2020-йил февралда Трамп Ратклифф номзодини Миллий разведка идораси директори лавозими учун иккинчи бор илгари суради. Бу сафар Сенат тасдиқлайди ва 44 ёшли Ратклифф АҚШдаги энг муҳим ташкилотлардан бирига раҳбар бўлади. Бироқ унинг раҳбарлиги узоқ давом этмайди. Трамп сайловда ютқазгач, Ратклифф ҳам лавозимини тарк этади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.