Дунё

Мусулмонларни қирган генерал. Ҳаага қамоғида ўлган Ратко Младич ким эди?

Бир неча кун олдин 1995-йил Босниянинг Сребреница шаҳрида асосан мусулмонлардан иборат 8 мингга яқин тинч аҳолини қатлиом қилишга буйруқ берган Ратко Младич Ҳаагада вафот этди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Европада содир этилган энг оммавий қирғиндан сўнг Ратко Младич «босниялик қассоб» лақабини олганди. Кейинчалик қўлга олиниб, Ҳаагада адолат ҳукмига топширилган жиноятчи умрбод қамоқ жазоси олганди.

Мусулмонларни қирғин қилган генерал: Гаага қамоқхонасида вафот этган Ратко Младич ким эди?

ХХ асрнинг сўнгги ўн йиллиги турли воқеаларга бой бўлди. Тарих саҳнида 68 йил яшаган ва Иккинчи жаҳон урушидан сўнг "дунёнинг иккинчи қутби" сифатида майдонга чиққан СССР парчаланиб кетди. Шунингдек, чехлар ва словаклардан иборат Чехословакия тинч йўл билан бўлиниб кетди. Олтита иттифоқдош республикадан ташкил топган Югославиянинг тақдири эса бироз мураккаб кечди. Иттифоқдош республикаларнинг мустақиллик эълон қилиши ҳукмрон сербларга ёқмади ва уруш бошланди.

Ана шу уруш давомида серблар босниялик ва косовалик мусулмонларга, шунингдек, хорватларга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлиб, уларни қирғин қилди. Бу қирғинлар тепасида бир қатор ҳарбийлар, хусусан, Босния серблари армияси қўмондони генерал Ратко Младич ҳам бор эди.

"Босниялик қассоб"

1943-йилда Боснияда туғилган Младич ёшлигидан ҳарбий йўналишда ўқиб, шу йўлдан кетди. СССР парчалангач, Югославиядаги иттифоқдош республикалар ҳам бирин-кетин ўз мустақиллигини эълон қила бошлади. Бу иш Югославияда асосий ҳукмдор бўлган Сербия республикаси ва мамлакатни бошқараётган серб раҳбарларга ёқмади. Белград қўл остидаги ҳудудларни йўқотишни истамай, мустақиллик эълон қилган республикаларнинг танобини тортиб қўйиш учун ҳарбий ҳаракатлар бошлади. Шу тариқа кенг миқёсда қуролли можаролар бошланди.

Гарчи давлат парчаланиб кетган бўлса-да, ўзини ҳануз Югославия деб аташда давом этаётган Сербия ҳарбийлари бир вақтнинг ўзида Босния, Хорватия ва Словенияга бостириб кирди. Улар сафига маҳаллий серблар ҳам қўшилди. Боснияда вазият айниқса оғир эди, маҳаллий серблар Югославия таркибида қолишни истар, Босния аҳолисининг катта қисмини ташкил этувчи мусулмон серблар (бошноқлар) эса мустақиллик тарафдори эди. Оқибатда мустақилликни ёқлаётган мусулмонларга қарши хунрезликлар бошланди.

Босния серблари армиясига генерал Ратко Младич қўмондонлик қилди, бир қанча қирғинлар айнан унинг буйруғи билан амалга оширилди, Сребреницадаги даҳшатли қатлиом ҳам...

Сребреница қирғини

1992-йил бошида Сребреница шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудлар Ратко Младич бощилигидаги серб армияси томонидан босиб олинди. 1992-йил май ойида Носир Орич бощилигидаги Босния мусулмонлари армияси ҳудудни қайтариб олди. 1993-йил мартда ҳудуд яна серблар томонидан эгалланди ва Сребреница ўраб олинди.

Мусулмонларга ёрдам бериши мумкин бўлган Босния армияси анча узоқда эди. Таъминот етказиб беришнинг иложи бўлмагани учун Сребреницанинг мусулмон аҳолиси озиқ-овқат, дори-дармон ва ёнилғисиз қолди. Шу тариқа, шаҳар 1995-йилгача қамалда қолиб кетди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.