Қозоғистон пойтахти 2028-йилда УЕФА Суперкубоги учун ўйинни қабул қилади
Остона биринчи марта УЕФА Суперкубоги ўйинини қабул қилади, унда Чемпионлар лигаси ва Европа лигасининг ғолиблари тўқнаш келади.

Қозоғистон пойтахти 2028-йилда УЕФА Суперкубоги учрашувига мезбонлик қилади
2028-йилги УЕФА Суперкубоги баҳси Қозоғистон пойтахти Остондаги «Астана Арена» стадионида ўтказилади. Ушбу қарор Европа футбол ассоциациялари иттифоқи ижро қўмитаси томонидан 15-сентабр куни Салоники шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда қабул қилинди.
Шу тариқа, Қозоғистон илк бор УЕФА Суперкубоги ўйинини қабул қилади. Ушбу баҳсда Чемпионлар лигаси ва Европа лигаси ғолиблари ўзаро куч синашади.
«Астана Арена» ушбу нуфузли учрашувни ўтказиш учун майдон қопламаси масаласини ҳал этиши керак: сунъий чим табиий чимга алмаштирилади.
Стадион 2019-йилги УЕФА Суперкубогини ҳам қабул қилишга даъвогарлик қилган эди. УЕФАнинг аризалар ҳақидаги ҳисоботида арена сунъий қопламага эга экани, Қозоғистон томони эса уни табиий қоплама билан алмаштириш имкониятини кўриб чиқаётгани қайд этилган. Якунда 2019-йилги ўйин Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган.
«Астана Арена» 2009-йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, тахминан 30 минг томошабинга мўлжалланган. Бу стадионда Қозоғистон миллий жамоаси ҳамда пойтахтнинг «Астана» клуби ўз уй учрашувларини ўтказади. 2025-йилда бу ерда кенг кўламли реконструксия ишлари якунланди, унинг давомида, жумладан, муҳандислик тизимлари янгиланди ва майдоннинг сунъий қопламаси алмаштирилди.
УЕФА Суперкубогининг амалдаги соҳиби Франсиянинг ПСЖ клуби ҳисобланади. Кубок учун кечган баҳсда парижликлар Англиянинг «Астон Вилла» жамоасини мағлуб этди (2:1). Учрашув 12-август куни Австриянинг Залсбург шаҳрида бўлиб ўтди. 2027-йилда УЕФА Суперкубоги учун ўйин Амстердамдаги «Ёҳан Кройф Арена»да ўтказилади.

