Қозоғистон осмонида фавқулодда ҳолат сигналини берган S7 самолётининг шошилинч қўниши сабаби маълум қилинди

Қозоғистон осмонида хавф сигналини берган S7 самолётининг фавқулодда қўниши сабаби маълум қилинди
Россиянинг S7 Airlines авиакомпаниясининг Новосибирскдан Махачқалъага учаётган самолёти Қозоғистон осмонида хавф сигналини берганидан сўнг Омскда фавқулодда қўнишни амалга оширди. Dастлабки маълумотларга кўра, бунга двигателдаги мой даражасининг пасайиб кетгани сабаб бўлган.
Ҳаво кемаси командири йўналишни ўзгартириш ва самолётни Омскга йўналтиришга қарор қилди. Лайнер маҳаллий аэропортга эсон-омон қўнди.
Бортда 173 нафар йўловчи бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳеч ким жабрланмаган. Йўловчилар ва экипаж аъзолари Махачқалъага йўлни давом эттириш имкониятини кутмоқда.
Фавқулодда вазият ҳақида Flightradar хизмати S7 7099 рейси самолёти томонидан 7700 коди узатилганини қайд этганидан кейин маълум бўлди. Авиацияда бу умумий фавқулодда вазиятни англатади ва диспетчерларни ҳаво кемасига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида огоҳлантириш учун ишлатилади.
Ушбу ҳодиса яқинда Flydubai самолёти билан содир бўлган воқеа фонида алоҳида эътиборни тортди, унда учувчиларнинг мушташуви ҳаво кемасини эгаллаб олиш эҳтимоли ҳақида сигнал берилишига ва фавқулодда қўнишга олиб келган эди. Парвоз пайтида иккинчи учувчи экипаж командирига ҳужум қилган, шундан сўнг самолёт парвозга ноқонуний аралашувни англатувчи 7500 кодини узатган ва баландликни кескин ўзгартирган. Лайнер якунда Саудия Арабистонига эсон-омон қўнган. Кейинчалик, суриштирув доирасида иккинчи учувчи самолётни ҳалокатга учратиш ниятида бўлганини тан олди.

