Эрон самолёти ҳавога кўтарилган заҳоти ғилдираги узилиб кетди (видео)

**Эрон самолёти ҳавога кўтарилган заҳоти ғилдираги узилиб кетди (видео)**
Эроннинг Боеинг 737 самолёти ҳавога кўтарилиши биланоқ фавқулодда ҳолатга дуч келди: учоқ шассисининг ғилдираги узилиб кетди.
Воқеа Сепеҳран авиакомпанияси рейсида юз берган. Самолёт Машҳаддан Кирмоншоҳга йўл олган эди.
Ғилдирак узилгач, двигателда муаммолар пайдо бўлган. Самолёт салонида кучли силкиниш бошланган, ўриндиқлар устидаги жавонлар шикастланган ва натижада улардаги буюмлар йўловчилар устига тушган.
Шу сабаб самолёт аеропортга қайтишга қарор қилган ва Машҳадга муваффақиятли қўнган — йўловчилардан ҳеч бири жабрланмаган.
Шу тариқа Сепеҳран авиакомпанияси сўнгги пайтларда Машҳадда иккинчи авиаҳодисага учради. Август ойи охирида компаниянинг бошқа бир рейси қўниш вақтида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган эди. Ўшанда ҳам ҳеч ким жароҳатланмаган.
Аввалроқ АҚШнинг Аляска штатида чартер самолёти қулаши оқибатида саккиз киши ҳалок бўлганди.

