Дубай авиакомпанияси самолётида учувчилар муштлашиб кетишди ва олиб қочиш сигнали билан бутун дунёни оёққа турғизишди

Дубай авиакомпанияси самолёти бортида учувчилар муштлашиб кетди ва гаровга олинганлик ҳақидаги сигнал билан ҳаяжонли вазият эълон қилди
Дубайдан Тель-Авивга учаётган Flydubai самолёти эҳтимолий гаровга олинганлик ҳақида сигнал берди ва Саудия Арабистонига йўналтирилди. Бортда 180 га яқин йўловчи бўлган, уларнинг аксарияти Исроил фуқароларидир.
Исроилнинг Ynet нашри хабар беришича, Boeing 737 экипажи аввалига умумий фавқулодда вазиятни англатувчи 7700 кодини, кейин эса ҳаво кемасининг эҳтимолий гаровга олинганини кўрсатувчи 7500 кодини ёққан. Шундан сўнг самолёт 15 минг футдан 5 минг футгача кескин пастлаган ва радарлардан ғойиб бўлган.
Лайнерга Исроилга қўнишга рухсат берилмади. Шу сабабли у Иордания ҳудуди устида ортга бурилиб, Саудия Арабистони томон йўналди. Исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётларни ҳавога кўтарди. Бош вазир Биньямин Нетаньяху ва мудофаа вазири хавфсизлик масалалари бўйича шошилинч йиғилиш ўтказди.
Самолёт Саудия Арабистони аэропортига соғ-омон қўнди. Маълум бўлишича, бортдаги муштлашув ҳодисага сабаб бўлган бўлиши мумкин. CNN маълумотларига кўра, низо учувчилар кабинасида экипаж аъзолари ўртасида юзага келган бўлиши мумкин.

