Яна иккита давлат Эрон самолётларига тақиқ қўйди

Яна икки давлат Эрон самолётларига тақиқ жорий қилди
Бирлашган Араб Амирликлари ва Ироқ Эрон авиакомпанияларининг парвозларини тўхтатди. Бу чоралар АҚШнинг Яқин Шарқдаги уруш фонида Эронга иқтисодий босимни кучайтиришга қаратилган санксияларига қўшилиш доирасида қабул қилинди.
БАА парвозларни тўхтатди ва иқтисодий чекловларни кучайтирди
Фуқаро авиацияси бош бошқармаси Эрон авиакомпаниялари томонидан БААга ва БААдан амалга ошириладиган барча рейслар тўхтатилганини билдирди. Ушбу чеклов 24-сентябрдан кучга кирди. БААнинг расмий ВАМ ахборот агентлиги тарқатган баёнотга кўра, қарор АҚШнинг Эрон авиакомпанияларига дунё аеропортларидан фойдаланишни тақиқловчи санксияларига таянган.
Дубай шаҳри Эрон авиаташувчилари учун муҳим йўналиш ҳисобланади. Бу ерда катта Эрон жамоаси яшайди ва ҳар куни кўплаб рейслар амалга оширилади. Бундан ташқари, Дубай аеропорти эронлик йўловчилар учун Европа, Осиё ва Африкага ўтиш транзити вазифасини бажаради. Парвозлар бекор қилингани сабабли, 24-сентябр куни эрталаб Теҳрондан Дубайга учиши керак бўлган Эрон АирТоур авиакомпанияси рейси пойтахтда бекор қилинди.
БАА феврал ойида бошланган Яқин Шарқдаги урушнинг илк босқичида Эрон ракеталари ва дронлари ҳужумига учраган. Август ойида Амирликлар Эрон билан савдо ва молиявий айирбошлашни тўхтатган. 23-сентябр куни эса БАА Марказий банки Эроннинг Банк Мелли филиаллари орқали амалга ошириладиган барча ўтказмаларни блоклаб, уни пул ювиш, терроризм ва қурол-яроғ тарқатишга қарши қонунларни бузганликда айблаган.
Ироқнинг шиалар учун муқаддас саналган Нажаф шаҳри аеропорти 25-сентябрдан бошлаб Эроннинг барча авиарейсларини тўхтатди. Аеропорт директори Ҳусайн Муҳанна АФП агентлигига маълум қилишича, бу қарор Бош вазир идорасининг Нажаф губернаторига берган топшириғига биноан қабул қилинган. Чеклов 25-сентябр куни соат 02:00 дан кучга кирди.
Бошқа манбаларнинг Реутерс агентлигига айтишича, Ироқ Курдистонидаги Эрбил ва Сулаймония аеропортлари ҳам 25-сентябрдан Эрон билан авиақатновларни тўхтатади.
Нажаф аеропорти эронлик ва ироқлик зиёратчилар, Эронда таҳсил олаётган ироқлик талабалар ҳамда даволанаётган беморлар учун асосий қатнов марказидир. Ироқ ва Эрон ўртасидаги алоқалар диний ва сиёсий жиҳатдан жуда чуқур илдиз отган.
АҚШ молия вазири Скотт Бессент 23-сентябрдан бошлаб хорижий аеропорт ва компаниялар Эрон авиациясига хизмат кўрсаца, чекловларга дуч келиши ва доллар орқали ҳисоб-китоб қилиш тизимидан узилишини айтганди. Шундан кейин қўшни давлатлар чекловлар киритишни бошлади ва Эроннинг асосий авиакомпаниялари халқаро рейсларни бекор қилишга мажбур бўлди.
24-сентябр куни Туркманистон ҳам чекловларга қўшилди. Эрон Фуқаро авиацияси ташкилоти вакили Мажид Ахаваннинг ИСНА агентлигига маълум қилишича, Ашхобод рухсат бермагани сабабли Теҳрондан Душанбега учган самолёт ортга қайтарилган. Шунингдек, Озарбайжон Эрон авиакомпаниялари учун ҳаво ҳудудини ёпган.
Санксияларга қарамай, Эроннинг айрим кичик авиакомпаниялари хорижга, хусусан, АҚШ босимига бўйсунмаётган Хитойга ҳамда Арманистонга парвозларни давом эттирмоқда. Эронда 30 га яқин авиакомпания бор бўлиб, уларнинг аксарияти ички рейсларга хизмат қилади. Халқаро йўналишларда эса энг йирик ташувчилар давлатга қарашли Иран Аир ҳамда хусусий Маҳан авиакомпанияларидир.
Айни пайтда, Эрон қўшни давлатлар аеропортини ишдан чиқариш билан таҳдид қилмоқда.
“Агар сиз бизнинг рейсларимизни тақиқлаб, АҚШ билан ҳамкорлик қила бошласангиз, аеропортларингиз бошқа парвозларни амалга ошира олмайди. Агар сиз АҚШ томонида бўлсангиз, биз сизни бошқа кўрмаймиз”, деди Ризоий.
У АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг ядровий обьектларига ёки мамлакат тоғларида жойлашган обьектларга ҳужум қилишни хоҳлаши мумкинлигини айтди.
“Қуролли кучларимиз жавоб ҳаракатларига тайёр”, дея таъкидлади Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши раҳбари.

