Ҳусийлар Саудиянинг Ф-15 қирувчи самолётини уриб туширди (видео)

Ҳусийлар Саудиянинг Ф-15 қирувчи самолётини уриб туширди (видео)
Ҳусийлар 16-сентябр куни Яман ҳаво ҳудудида Саудия Арабистонига тегишли Ф-15 қирувчи самолётини уриб туширганини маълум қилди.
Саудия Арабистони байроғи туширилган, АҚШда ишлаб чиқарилган ва 5539 идентификация рақамига эга бўлган самолёт ҳусийлар баёнотига кўра, Яманнинг Мариб вилояти устида “душманлик ҳаракатларини амалга ошираётган” пайтда ер-ҳаво синфидаги ракета билан нишонга олинган. Ҳодиса акс этган видеода ракетанинг қирувчи самолётга тегиши, шунингдек, ҳусийлар қирувчининг қолдиқларини текшираётгани кўрсатилган.
СНН тасвирларни мустақил равишда тасдиқлай олмаган. Саудия Арабистони эса ҳусийларнинг даъволарига ҳозирча расмий муносабат билдирмаган. АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг истеъфодаги полковниги Седрик Лейтоннинг айтишича, видеода кўринаётган Ф-15СА қирувчисининг қанотидаги белгилар Саудия Арабистонига тегишли Ф-15 самолётига мос келади.
Ҳусийлар сўнгги пайтларда Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланадиган Яман ҳукуматига қарши ҳужумларини кучайтириб, ўз назоратидаги ҳудудларни кенгайтирди. Ўтган ҳафта улар Қизил денгиздаги порт шаҳри ва Саудия Арабистони нефт экспорти учун муҳим бўлган, шунингдек, Ҳормуз бўғозига муқобил денгиз йўли сифатида қараладиган Боб ал-Мандаб бўғози яқинидаги оролларни эгаллаб олди.
15-сентябр куни эса Саудия Арабистони Макка томон учирилган ҳусийлар дронини уриб туширди. Дрон муқаддас шаҳар устидаги тақиқланган ҳаво ҳудудига киришидан олдин йўқ қилинган. Ҳусийларнинг сиёсий бюроси аъзоси Муҳаммад ал-Фараҳ шаҳарнинг нишонга олинганини инкор этиб, бу ҳақдаги хабарларни “мутлақо ёлғон” деб атади.
Агар Ф-15 қирувчиси уриб туширилгани тасдиқланса, бу АҚШда ишлаб чиқарилган ушбу турдаги самолётлардан бирининг душман ҳужуми натижасида иккинчи бор уриб туширилиши бўлади. Аввалроқ АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Ф-15 Стрике Эагле самолёти урушнинг дастлабки босқичида Эрон кучлари томонидан уриб туширилган. Шунингдек, Кувайт кучларининг хато ўт очиши оқибатида АҚШ урушнинг дастлабки босқичларида учта Ф-15 самолётини йўқотган.
Саудия Арабистонининг Ф-15СА самолёти 1976-йилдан бери АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари арсеналида бўлган икки двигателли қирувчи самолётнинг энг янги версияларидан биридир. Саудия модели 1991-йилда “Чўл бўрони” операцияси вақтида жанговар дебютини қилган.

