Қорақалпоғистонда мева экспорти 500 млн долларга етказилади

Қорақалпоғистонда мева экспорти 500 млн долларга етказилади
Қорақалпоғистонда 30 минг гектарда шўрга чидамли олхўри ва кечки ўрик плантацияларини барпо этиш бўйича уч йиллик дастур амалга оширилади. Бу ҳақда президент раислигида Нукус шаҳрида ўтказилаётган йиғилишда маълум қилинди.
Давлат раҳбари Кегейлидаги 330 гектар шўр ерда бунёд этилаётган саноатлашган боғни кўриб чиққанини қайд этди. Янги дастур доирасидаги 10 минг гектарда ишлар шу йил бошланади.
Вилоят ҳокимлари 500 ва 1 минг гектардан боғ яратишга масъул этиб белгиланди. Андижондан ер бўйича мутахассислар ва деҳқонлар келиб, Кегейлида ишларни бошлаб юборган.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимлари ва Боғдорчилик агентлиги ўртасида уч томонлама шартномалар имзоланади. Икки ҳафта ичида ҳар бир вилоят учун ер ажратилиб, кафолатли сув таъминоти яратилади. Агентлик 1-октябргача иқлимга мос кўчат навлари ва экиш технологияларини тақдим этади.
Вилоят ҳокимлари уста деҳқон ва агрономларни жалб қилиб, уларга уй-жой қуриб беради. Ҳар бир ҳудудда 50 гектардан боғ жорий йил, қолган майдонларда эса баҳорда барпо этилади. Қайта ишлаш қувватлари ҳам шу ернинг ўзида ташкил қилинади.
Боғдорчиликда 20 минг одамни ишли қилиш ва уч йилда мева экспортини камида 500 млн долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Келгуси баҳордан Нукус туманидаги 10 минг гектар майдонда қовун етиштириш бошланади.
Йил якунигача Испания, АҚШ, Нидерландия ва Хитойдан қовуннинг энг яхши навлари, уруғчилик ва агротехнология бўйича мутахассисларни олиб келиш топширилди.
Салоҳиятли инвесторларни жалб этиб, шу ернинг ўзида қовунни қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланадиган холдинг ташкил этилади.
Нукус туманидаги техникум қовунчиликка мослаштирилиб, лаборатория ва синов полигони билан таъминланади.
Ушбу муассаса Қорақалпоғистон, Хоразм, Жиззах, Қашқадарё ва Сирдарёдаги қовун етиштирувчилар учун тажриба алмашиш методик маркази бўлади.

