Қорақалпоғистонда 5,11 млрд долларга учта майнинг ва дата марказ қурилиши бошланди

Қорақалпоғистонда умумий қиймати 5,11 миллиард долларга тенг учта майнинг ва учта дата марказ қурилиши бошланди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Ўринбаев Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги янги обьектларни фойдаланишга топшириш маросимида маълум қилди.
Президент қарорида Қорақалпоғистонда майнинг учун махсус зона ташкил этилиши белгиланган эди. Дата марказлар учун яратилган ушбу махсус зонада инвесторлар 2040-йилгача барча турдаги солиқ ва божлардан озод қилиниши айтилган. Аманбай Ўринбаевнинг таъкидлашича, эндиликда ҳудуд инвесторлар ва инвестицияларнинг сифатига кўпроқ эътибор қаратиш имкониятига эга.
"Илгари инвесторлар келса, у катта бўлсин, кичик бўлсин, инвестиция кирица, хурсанд бўлиб юрардик. Ҳозир мана сиз яратиб бераётган имкониятларингиз натижасида инвесторларнинг ҳам, инвестициянинг ҳам сифат даражасига, сифат жиҳатига ҳам алоҳида эътибор беришга имконият бўлмоқда", деди у.
Жўқорғи Кенгес раиси, шунингдек, "яшил" энергетика соҳасидаги йирик лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берди. АСВА билан ҳамкорликда қиймати 3,3 миллиард долларлик шамол электр стансияси қурилмоқда. Маросимда, шунингдек, 260 миллион долларлик "Нукус-2" шамол электр стансияси ҳам фойдаланишга топширилди. Ўтган йили эса ҳудудда 107 миллион долларлик "Нукус-1" лойиҳаси ишга туширилган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда янги обьектларни ишга тушириш маросими 25-август куни бўлиб ўтганди. Маросимда 50 триллион сўмлик 72 та йирик саноат ва сервис лойиҳаси ҳамда 91 та ижтимоий соҳа обьекти фойдаланишга топширилди.

