Электр таъминоти барқарорлиги — Ўзбекистонда дата-марказлар қурмоқчи бўлган инвесторлар учун асосий масала — ПА
Ўзбекистонда дата-марказлар қуришни кўриб чиқаётган халқаро инвесторлар, биринчи навбатда, электр таъминоти барқарорлиги ҳақида сўрамоқда, деди Президент администрацияси вакили Бобур Ходжаев. Ҳукумат яшил энергетика салоҳияти юқори бўлган Қорақалпоғистонга алоҳида эътибор қаратмоқда.

ПА: Ўзбекистонда дата-марказлар қуришни истаган инвесторлар учун электр таъминоти барқарорлиги асосий масала
Ўзбекистонда дата-марказлар барпо этишни режалаштираётган халқаро инвесторлар учун электр таъминотининг узлуксизлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ҳақда 24-август куни Тошкентда бўлиб ўтган Силк Роад Финансе & Течнологй Форумида Президент администрациясининг Молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича департаменти раҳбари Бобур Ходжаев маълум қилди, дея хабар беради Газета мухбири.
Ходжаевнинг сўзларига кўра, сўнгги олти йил ичида мамлакатда энергетика қувватларини ошириш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилган, жумладан, электр энергиясини харид қилиш бўйича келишувлар (ППА) тузилган.
"Биз кўплаб ППА келишувларини имзоладик. Ҳозирда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг 30 фоиздан ортиғи яшил энергетика ҳисобига тўғри келади. Бу Ўзбекистонда дата-марказлар қуришга тайёр бўлган халқаро инвесторлар учун яна бир жозибадор омилдир, чунки мамлакат уларни яшил электр энергияси билан таъминлай олади", — деди Бобур Ходжаев.
Ҳукумат бундай обьектларни жойлаштириш учун Қорақалпоғистонга алоҳида эътибор қаратмоқда.
"Биз дата-марказлар қуриш учун Қорақалпоғистонни атайлаб танладик, чунки Қорақалпоғистон қайта тикланувчи энергиянинг катта захираларига эга. У ерда аллақачон шамол ва қуёш электр стансияларини қураётган бир нечта халқаро инвесторлар бор", — деди Президент администрацияси вакили.
Бобур Ходжаевнинг таъкидлашича, ҳукумат Энергетика вазирлиги билан биргаликда келажакдаги дата-марказларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш устида ишламоқда.
"Аммо, албатта, электр таъминоти барқарорлиги — музокаралар давомида инвесторлар бизга бераётган биринчи рақамли саволдир", — деди у.
Муҳокамада иштирок этган С&П Глобал Ратингс халқаро рейтинг агентлиги директори Роман Рибалкин тез иқтисодий ўсиш ва аҳоли сонининг ошиши минтақа энергетика қувватларини янада кенгайтиришни талаб қилаётганини қайд этди.
"Бу Ўзбекистонда яшил энергетикани жадал ривожлантиришга эътибор қаратилаётганининг сабабларидан биридир. Бунда Форс кўрфази мамлакатларидан келаётган инвесторлар, шубҳасиз, етакчи ўрин тутмоқда", — деди С&П Глобал Ратингс вакили.
У, шунингдек, электр энергиясига бўлган талабнинг ўсишини Марказий Осиёда атом энергетикасининг ривожланиши билан боғлади.
"Шунинг учун биз атом энергетикаси томон ҳаракатни ҳам кўряпмиз. Ўзбекистонда Жиззах вилоятида АЕС лойиҳаси бор, Қозоғистонда эса дастлабки ишлаб чиқиш босқичида бўлган йирик атом электр стансияси лойиҳаси мавжуд. Умуман олганда, энергетика кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлиб, яшил энергетика, шубҳасиз, бу чақириққа жавоблардан биридир", — деди Роман Рибалкин.
БСГ бошқарув директори Рза Нуриев 2025-йил июн ойида Қорақалпоғистонни 2035-йилгача ривожлантиришнинг "тўрт устуни"ни тақдим этган эди.
"Арзон яшил энергия, энергия талаб қиладиган ишлаб чиқариш, гўшт ва сут етиштириш ва экзотик туризм учун энг яхши майдон" — Қорақалпоғистонни келажакда шундай қабул қилишади, деб ҳисоблайди у.

