“Қизларим ҳар қандай ишни пухта бажаришига ишонаман”. Шахматчи опа-сингилларнинг отаси билан суҳбат
11-октабр Халқаро қизлар куни сифатида нишонланади. Газета шу муносабат билан машҳур шахматчилар Нафиса Мўминова, Ҳулкар ва Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг отаси Алишер Мўминов билан суҳбатлашди. У фарзанд тарбияси, ота ва қизлар ўртасидаги муносабатлар ҳамда қизларининг шахматдаги йўли ҳақида гапирди.

“Қизларим ҳар қандай ишни пухта бажаришига ишонаман”. Шахматчи опа-сингилларнинг отаси билан суҳбат
Дунё бўйлаб 11-октабр Халқаро қизлар куни сифатида нишонланади. Бу сана БМТ Бош ассамблеясининг 2011-йилда қабул қилинган резолюциясига биноан жорий этилган.
Шу муносабат билан Газета мухбири Тошкентдаги Скй Чесс шахмат мактаби директори, халқаро тоифадаги гроссмейстерлар Нафиса Мўминова ва Гулруҳбегим Тоҳиржонова, шунингдек, ФИДЕ устаси Ҳулкар Тоҳиржонованинг отаси Алишер Мўминов билан суҳбатлашди. У фарзандларини мустақил ҳаётга тайёрлаш, қизларининг шахматдаги йўлини қўллаб-қувватлаш ва ота-онанинг фарзандлар олдидаги масъулияти ҳақида гапириб берди.
Мен қумбостиликман. Бу қишлоқ Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида жойлашган. Ота-онам ёшлигимдан билимли бўлишга ундашган. Дадам кўп йиллар мактабга директорлик қилганлар ва менинг фан доктори бўлишимни истаган. Мактабни олтин медал билан тугатгач, собиқ Тошкент темир йўллари институтида ўқидим. Кейин Фанлар академиясининг Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги илмий-тадқиқот институтининг аспирантурасида таҳсил олдим. Бироқ диссертациям тайёр бўлганида айрим одамлар билан келишмовчилик чиқди, яъни мендан маълум миқдорда пул сўрашди. Илмни сотиб бўлмайди, деб аспирантурани тарк этдим.
Шундан кейин ҳаётимнинг бошқа босқичи бошланди. 1990-йиллар эди, тирикчилик қилиш керак. Олди-сотди билан шуғулланиб, йиғиб-терган маблағларимни фарзандларимнинг таълими ва келажагига сарфлашга қарор қилдим.
Алишер Мўминов.
Мен учун ота-онанинг энг асосий вазифаси — болани мустақил ҳаётга тайёрлаш. Уни шунчаки уйли-жойли қилиш ёки турмушга бериш эмас, балки мустақил фикрлайдиган, ўз йўлини танлайдиган, нимани исташини ва унга қандай эришишни биладиган инсон қилиб вояга етказиш керак.
Уч қизим ва ўғлимни тарбиялашда уларнинг қиз ёки ўғил эканидан келиб чиқиб, имкониятларини чеклашни тўғри деб билмаганман. Қиз болага сарфланган маблағ эртага бошқа оилага кетади, деган қарашни ҳеч қачон қабул қилмаганман. Ахир булар менинг фарзандларим. Уларнинг қайси бири қиз, қайси бири ўғил эканининг нима аҳамияти бор?
Оиламизда бу масалада келишмовчиликлар ҳам бўлган. Ҳатто яқинларим қизларимнинг шахмат билан шуғулланиши учун маблағ сарфлашимга қарши чиқишган. Қариндошларим орасида ҳам “Қиз болага бунча пул сарфлашнинг нима кераги бор? Барибир бировга бериб юборасан”, деганлар бўлган.
Мен эса ўз йўлимдан қайтмадим.
Қиз болани ҳам яхши тарбия қилсангиз, у ўнта ўғил боладан кўра яхшироқ натижага эришиши мумкин. Энг муҳими, уни мустақил, қўлидан иш келадиган, ўз фикрига эга инсон қилиб тарбиялаш керак.
Оилада эр-хотин бир-бирини ҳурмат қилиши, тенг гаплаша олиши учун ҳам инсон ўз қадри ва имкониятларини англаши муҳим.
Фарзандларимга доим “20 ёшга кирганингда менга муҳтож бўлмай қолишинг керак”, деганман. Бу улардан узоқлашишни эмас, мустақил ҳаёт кечира оладиган даражага етишини истаганимни англатади.
1990-йилларда қишлоғимизда мактаблар яхши ишламасди, ўқитувчилар ҳам тирикчилик ташвишлари билан банд эди. Яхши ўқитувчи топиш осон бўлмагани учун болаларимга уйда ўзим дастур тузиб, қўшимча машғулотлар ташкил қилдим.
Алоҳида хона ажратиб, у ерга пианино, шахмат столи ва ўқув доскасини олиб келдим. Энг яхши ўқитувчиларни таклиф қилиб, инглиз тили, математика ва бошқа фанлардан дарслар ташкил этдим. Қизларим мусиқа ва рақс билан ҳам шуғулланишди. Рус ва инглиз тилларини ўрганишди, кейинчалик бошқа тилларни ҳам ўзлаштиришди.
Мен уларнинг фақат бир соҳада эмас, ҳар томонлама ривожланишини истардим. Муомала қилишни, ўзини тутишни, фикрини ифода этишни, одамлар билан гаплашишни билиш керак. Бундай кўникмалар инсонга ҳаётда кўп эшикларни очади.
Фарзандларимга китоб ўқишни ҳам ўргатдим. Ўзбек адабиётидан ўқишлари керак бўлган 15 та китоб рўйхатини тузиб берганман. Улар орасида ўзбек халқ эртакларидан бошлаб, фантастик асарларгача бўлган. Жаҳон адабиётидан ҳам китоблар бўлган. Аввалига улар билан бирга китоб ўқирдим, кейин ўзлари мустақил мутолаа қила бошлади. Ҳозир ҳам китоб танлашда маслаҳат сўрашади. Мен эса китобларни маълум тартибда ўқишни тавсия қиламан. Абдулла Қаҳҳорнинг “Агар қайта туғилганимда, ўқиган ёмон китобларимни ўқимаган бўлардим”, деган мазмундаги гапи бор. Шунинг учун инсон вақти ва диққатини муносиб китобларга сарфлаши муҳим, деб ўйлайман.
Ҳозир ҳам ҳар куни китоб ўқимасам, ухлай олмайман. Китоб инсоннинг фикрларини тартибга солади, бошқа одамларни тушунишга ёрдам беради. Яхши китоб ўқиган одамнинг дунёқараши кенгаяди. Шу сабабли фарзандларимнинг билимли бўлиши, мустақил фикрлаши ва дунёга кенгроқ назар билан қарашига ҳаракат қилдим.
Учала қизимга ҳам уч-тўрт ёшидан шахматнинг юриш қоидаларини ўргатганман. Аммо уларни албатта шахматчи бўлишга мажбурламаганман. Мусиқа, рақс ва бошқа машғулотларга ҳам боришган. Шахмат уларнинг ҳаётидаги йўналишлардан бири эди.
1990-йиллар охирида моддий жиҳатдан яхши ишлаб юрган пайтларим футбол жамоаси ташкил қилганман. Турнирлар ўтказардик, қишлоғимиз жамоаси учун мураббий ёллаб, бир йил давомида унинг маошини тўлаганман. Ишларим кўплиги сабабли қизларимнинг шахматга қанчалик қизиқиб қолганини дастлаб пайқамаганман.
Бир куни жамоамизнинг дарвозабони мени шахматда ютишини айтди. Уйимизда дона суришни таклиф қилдим. Кечқурун уйга қайтдик. Мен бошқа ишларимни бажариб чиққунимча, Нафиса ва Хулкар уни аллақачон мағлуб этишган экан. Шунда қизларимнинг шахматга жиддий қизиқишини пайқаб, бу машғулотга алоҳида эътибор беришга қарор қилдим.
1998-йил охирида уларни шахмат клубига олиб бориш фикри туғилди. 1999-йил февралида Қўқондаги собиқ Ҳамза театри биносида жойлашган шахмат мактабига биринчи марта бордик. У ерда марҳум Анвар Алиев устозлик қиларди. Қизларим бир йил давомида у кишидан сабоқ олишди.
Кейинчалик уларнинг маҳоратини янада ошириш керак бўлди. Турли мураббийлар билан ишлаб кўрдик, аммо кўнглимдагидек мутахассис топа олмадим.
Мен учун мураббийнинг шахматни билишигина етарли эмасди. У болалар билан тўғри муомала қилиши, ўзини муносиб тутиши, ёмон сўзлар ишлатмаслиги ва машғулотларга масъулият билан ёндашиши керак эди.
Қизи Нафиса Мўминова билан / Фото: Шахсий архив.
Шу орада қизларимга шахматга оид китобларни ўқиб, таржима қилиб берардим. Рус тилидаги адабиётларни ҳам бирга ўрганардик. Кўп ўқиш ва изланишлар натижасида ўзим ҳам мураббийликка киришиб кетдим. Бир куни қарасам, болаларга шахмат ўргатаётган мураббийга айланибман.
Бир куни Нафиса “Дада, Тошкентга кетамиз. Мен гроссмейстер бўлмоқчиман”, деди. Рози бўлдим. Дўконларимиздан бирини сотдик, пулни олиб пойтахтга келдик. Қизларимнинг шахматдаги келажаги учун бор имкониятимизни ишга солдик.
Қизларимнинг шахматдаги йўли доим ҳам силлиқ кечмаган. Улар терма жамоадан четлаштирилган пайтлар ҳам бўлди. Бу қарорларнинг сабабларини аниқ айта олмайман, буни тегишли одамларнинг ўзлари билади. Аммо шундай вазиятларда ҳам фарзандларимни ҳимоя қилишга ва уларнинг шахматдаги йўлини давом эттириши учун курашишга ҳаракат қилдим.
Бу қийинчиликларни азоб-уқубат сифатида кўрсатишни истамайман. Ҳаётда мақсадингиз бўлса, унга эришиш учун курашишингиз керак. Мен ҳам фарзандларим ва оилам учун курашдим. Ҳеч кимдан шикоят қилмоқчи эмасман. Ҳар ким ўз иши ва қарори учун ўзи жавоб беради. Мен эса ўз йўлимни танлаганман ва шу йўлда охиригача ҳаракат қилганман.
Қизларимнинг шахматдаги ютуқлари кўпчиликка маълум. Аммо бу ўғлимга камроқ эътибор берганман, дегани эмас. У ҳам болалигидан спорт билан шуғулланган, дзюдога борган. Инглиз ва немис тилларини жуда яхши ўзлаштирган, математика ва компютерга қизиққан. Қўқондаги яхши устозлардан таълим олган.
Ўғлим Тошкент Молия институтини тугатди, кейин Америкада Вебстер университетига ўқишга кирди. У ерда ахборот технологиялари бошқаруви йўналишида таҳсил олиб, юқори натижалар билан битирди. Ҳозир Америкада карера қилади. У шахмат бўйича ҳам спорт усталигига номзод бўлган ва шахмат мактабини ташкил этишда ўз ҳиссасини қўшган.
Фарзандларимнинг барчасига бир хил ёндашганман. Уларнинг билимли, маърифатли, оқ-қорани ажрата оладиган ва мустақил ҳаётга тайёр инсон бўлиб етишишини истаганман. Лекин қандай яшашни, қайси йўлни танлашни ўзларига қолдирганман. Уларнинг ҳаётини ўз орзуларимга боғлаб қўйишни хоҳламайман.
Ота-онанинг истаклари фарзанд учун кишанга айланмаслиги керак. Болаларнинг ўз орзулари, ўз мақсадлари бўлиши лозим.
Шундай фарзандларим борлигидан фахрланаман. Уларнинг ютуқлари менга қувонч бағишлайди, лекин меҳрим фақат натижаларига боғлиқ эмас. Мен учун уларнинг инсон сифатида шаклланиши муҳим.
Фарзанд тарбиялашда энг асосий нарса — унга ишониш. Агар ота-она боласига ишонмаса, унга қанча яхши таълим бермасин, бунинг ўзи етарли бўлмайди. “Эртага уддалай олармикан, бирор нарса ўхшамай қолса-чи?”, деб доим хавотирланиш боланинг имкониятларини чеклайди. Мен эса қизларим нима иш қилмасин, уни яхши бажаришига ишонаман ва қўлимдан келганича қўллаб-қувватлайман.
Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Гулдона Каримова ва Мадинабону Ҳалимова. Фото: Павел Дворкович / ФИДЕ
Болалар билан гаплашиш, биргаликда орзу қилиш, яхши ниятлар тузиш ва шу мақсадларга эришиш йўлларини муҳокама қилиш керак. Кўпчилик ишдан чарчаб келиб, фарзанди билан суҳбатлашишга вақт ёки куч тополмайди. Аммо тарбия вақт ва энергия талаб қилади. Болани эшитиш, унинг фикрини билиш ва мақсадларини тушуниш жуда муҳим.
Ҳозир ҳам қизларимни дунёдаги энг ақлли, энг яхши қизлар, деб биламан.
Албатта, ҳаётда ҳамма нарса инсон хоҳлаганидек бўлавермайди. Бирор иши ўхшамаслиги ёки қийинчиликка дуч келиши мумкин. Лекин бу уларга бўлган ишончимни ўзгартирмайди.
Қизларим вояга етган, ҳар бири ўз йўлига эга. Ҳулкар Марказий Осиё давлатлари шахмат федерациясининг президенти, Нафиса эса Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи ҳисобланади. Улар ўзбек шахмати ривожига ҳисса қўшиб келишаётганидан қувонаман.
Шунга қарамай, қизларим мен учун ҳамон қизалоқ. Илгари қандай яхши кўрган бўлсам, ҳозир ҳам шундай яхши кўраман. Уларнинг улғайгани меҳримни камайтирмайди.
Менимча, оиладаги муносабатлар ишончга асосланиши керак. Оддий ишончнинг ўзи камлик қилади, инсонлар бир-бирига чуқур ва самимий ишона олиши лозим. Қизларимга ишонганим учун улар билан муносабатларимиз ҳам очиқ.
Биз дўстмиз. Қизларим истаган нарсасини бемалол айта олади. Масалан, яқинда катта қизимнинг ишхонасига стейк пишириб олиб бордим. Унинг бир қисмини еб, қолганини кечқурун овқатланишга вақти бўлмаслиги мумкинлигини айтиб, сақлаб қўйишимни сўради. Кейин иккинчи қизим келди. Унга ҳам овқатдан таклиф қилдим, аммо уни шошилинч иш билан чақириб қолишди.
Кечқурун телефон қилиб, стейк емоқчи бўлганини айтди. Мен такси юборишини сўрадим, бошқа стейк тайёрлаб, ёнига салат қўшиб жўнатдим. Бизнинг муносабатларимиз шундай. Улар менга нимани хоҳлашини, нимага эҳтиёжи борлигини бемалол айтишади. Мен эса буни табиий қабул қиламан.
Қизларимнинг мустақил фикрлашини ҳам жуда қадрлайман. Улар маслаҳат сўраб келишса, ўз фикримни айтаман. Лекин доим “Бу менинг фикрим. Шунинг учунгина шундай қилсанг, хато бўлади. Ўзинг ўйлаб кўр, хулосани ўзинг чиқар”, дейман.
Чунки ҳатто энг тўғри маслаҳат ҳам инсоннинг ўзи қабул қилган қарор ўрнини боса олмайди.
Фикримни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилишлари уларнинг мустақил шахс сифатида ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин.
Мен уларнинг ақлига ва фикрлаш қобилиятига ишонаман. Бу ишончни ҳис қилишлари уларга куч беради.
Оилада тушунмовчиликлар бўлиши табиий. Масалан, бир куни ўғлим билан битта қизим бир-бирига ёмон қараб юрганини сезиб қолдим. Иккаласини чақириб, бир хонага киритдим ва келишиб олмагунларича чиқмасликларини айтдим. Нима бўлганини билишга уринмадим. Улар ўзлари гаплашиб, муаммони ҳал қилишлари керак эди.
Менинг қоидам шундай: муаммодан қочиш эмас, унинг олдига бориш керак. Уни яшириш ёки гаплашмаслик орқали ҳал қилиб бўлмайди. Фарзандларим мен ҳақимда ҳам истаган фикрини айтиши мумкин. Мен уларни эшитишга ва фикрларини тўғри қабул қилишга ҳаракат қиламан. Оилада келишмовчилик бўлиши мумкин, аммо уни уруш-жанжалга айлантирмасдан, гаплашиб ҳал қилиш жуда муҳим.
Фарзандларимнинг ҳаётини ўз орзуларимга боғлаб қўйишни истамайман. Ҳар бир боланинг ўз орзулари ва мақсадлари бўлиши лозим. Мен уларни ўзим истаган инсон қилиб яратишга эмас, имконият беришга ҳаракат қилганман. Улар илмли, маърифатли бўлсин, яхши-ёмонни ажрата олсин, мустақил фикрласин ва ўз ҳаёт йўлини ўзи танласин — асосий мақсадим шу бўлган.
Ҳаёт жуда тез ўтиб кетади. Шу қисқа умрда ҳар бир инсон эркин яшаши, тўлиқ нафас олиши керак. Биз, ота-оналар, фарзандларимизнинг нафасини бўғмаслигимиз шарт. “Мен шундай хоҳлайман, бундай қилсанг адашмайсан, ундай қилсанг адашасан”, деб уларнинг ўрнига қарор қабул қилишга ҳаққимиз йўқ. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди.
Тўртала фарзандимнинг муваффақиятларидан завқланаман. Улар қанчалик яхши натижаларга эришса, мен ҳам ўзимни шунчалик бахтли ҳис қиламан.
Аммо мен учун асосий натижа фақат медаллар, унвонлар ёки лавозимлар эмас.
Уларнинг мустақил, ақлли ва ўз ҳаёти учун масъулиятни зиммасига ола оладиган инсон бўлиб етишгани муҳимроқ.
Фарзандларимни тарбиялашда мен учун энг муҳим тамойил шу: уларга ишониш, қўллаб-қувватлаш ва мустақил бўлишларига имкон бериш. Қолгани — уларнинг ўз танлови.

