Фарзандингиз дарс қилишни истамаса, қандай йўл тутиш керак?

Фарзандингиз дарс қилишни хоҳламаса, нима қилиш керак?
Кўп ҳолларда бола уй вазифасини бажариши учун ота-оналар бақиришга, кўндиришга ва илтимос қилишга мажбур бўлади. Бироқ бундай уринишлар фақат вақтинчалик бўлиб, нотўғри ёндашув ҳисобланади.
Фарзандингиз олган баҳоси сабаб муносабатингизни ўзгартирманг, уни ака-опалари ёки бошқалар билан таққосламанг. Яхши баҳо олса, мақтанг, аммо ёмон баҳоси учун койиманг. Аксинча, ундан ҳам яхши натижага эришишига нима тўсқинлик қилгани ва қандай ёрдам керак бўлгани билан қизиқинг. Энг муҳими, фарзандингиз сизнинг меҳрингиз унинг баҳоларига боғлиқ эмаслигини тушунсин. Шунда у яхши кўрадиган инсонларини хафа қиладиган ишларни қилмасликка интилади.
Фарзандингизнинг алоҳида хонаси бўлмаса ҳам, унинг ўқув-қуроллари турадиган ва дарс қилиши учун керакли стол-стули бўлсин. Дарс столи қулай, ёруғлик етарли ва шароит яхши бўлса, бола диққатини жамлайди ва бошқа нарсаларга чалғимайди. Дарс пайтида унинг кўзи тушадиган жойда телевизор, телефон ёки ўйинчоқлар бўлмаслигига ҳам эътибор беринг.
Мутахассислар фикрига кўра, тушки соат учдан кечки олтигача бўлган вақт болалар учун дарс бажаришга энг қулай давр ҳисобланади. Мактабдан қайтгач, бола бир ярим соат дам олиши керак. Иккинчи сменада ўқийдиган болалар эса дарсларини эрталаб бажаргани маъқул. Уй вазифасини бажаргандан 40 дақиқа ўтиб 15 дақиқалик танаффус қилиш керак. Дарсни кечга қолдирмаслигини назорат қилинг, кейинги кун вазифаларини ҳам олдиндан бажариб қўйишга унданг.
Мураккаб мавзулар ёки тушунарсиз вазифаларни болангизнинг ўзига юклаб қўйманг. Аввал тушунтиринг, ўргатинг, шундан кейингина мустақил бажаришини айтинг. Агар бирор нарса ёдингиздан чиққан бўлса, интернетдаги энсиклопедия ва манбалардан фойдаланинг. Аммо ҳеч қачон фарзандингиз ўрнига уй вазифасини сиз бажарманг.
Агар болангиз мактаб дарсларидан ташқари тўгарак ва қўшимча машғулотларни ҳам кечгача бажариб юраётган бўлса, ўйлаб кўринг: унинг мажбуриятлари ёшига нисбатан ҳаддан ташқари кўпайиб кетмаганми? Дам олмаслик ва зўриқиш сабаб бола мактаб фанларини ўзлаштиришга ҳам куч тополмаётган бўлиши мумкин.
Дарсларини тугатгач ёки бирор мавзуни яхши ўзлаштиргач, уни рағбатлантириб туринг. Аммо пул ёки конфет каби нарсаларга ўргатиб қўйманг. Чунки бунга кўниккан бола “пора” олмагунча вазифа бажармайдиган ёки бажарса ҳам ширинлик учун бажарадиган бўлиб қолади. Бу эса унинг келажакда шахс сифатида шаклланишига ҳам салбий таъсир қилади ва бирор юмушни нимадир эвазига бажариш одатга айланиши мумкин. Мустақил дарс қилгани ва аъло баҳоси учун мақтанг, шу муносабат билан тансиқ таом ёки ширинлик пишириб, биргаликда овқатланинг. Муваффақиятидан оила аъзолари ҳам хурсанд эканини билиш болани ўз устида ишлашга ва ҳаракат қилишга ундайди.
Боланинг дарс қилишни истамаслигига унинг хатолари учун сизнинг уришишингиз ёки асабийлашишингизни кўришни хоҳламаслиги ҳам сабаб бўлиши мумкин. У ёзаётганида ёки машқларни бажараётганида тепасида турманг, чунки биров кузатиб турганини билиб, ҳаяжондан адашиб кетиши мумкин.
Тасаввур қилинг, сиз иш бўйича ойлик ҳисобот ёзяпсиз ва бошлиғингиз сизни кузатиб турибди, ёзган ҳар бир нарсангизга реаксия билдиради, бир рақамда адашсангиз ҳам баланд овозда койийди. Сиз қандай аҳволга тушган бўлардингиз? Сиз-ку бундай ҳолатда ишдан бўшаб, бошқа адекват раҳбар билан ишлай оласиз, болада эса бундай имконият йўқ. Унутманг, боланинг хато қилиши табиий. Асосийси, хатоларини такрорламаслик ва ўрганишда. Атроф-оламни, ҳаётни энди ўрганаётган болани хато қилишдан қўрқитиб, унинг ўқишга қизиқиши сўнишига ва ҳаракат қилишни истамаслигига сабабчи бўлиб қолманг.

