Лайфстайл

Фарзандингиз яхши ўқимаяптими? Бунга фақат смартфон сабабчи эмас

Фарзандингизнинг мактабдаги муваффақияцизликларига фақат смартфон сабабчи эмас. Ўсмирларнинг ўқишдаги натижалари ва тенгдошлари билан муносабатларига нафақат телефон, спорт ёки овқатланиш, балки уйқу сифати ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Янги тадқиқот шуни кўрсатдики, уйқу бошқа турмуш тарзи омилларига қараганда кучлироқ омил бўлиб чиқди.

Калифорния университети, Девис тадқиқотчилари 10–13 ёшдаги болаларнинг маълумотларини ўрганиб, уларнинг уйқу сифати, экран қаршисида ўтказадиган вақти, жисмоний фаоллиги ва овқатланиш сифатини таққослади.

Натижалар шуни кўрсатдики, яхши уйқу мактабдаги юқори натижалар ва ижтимоий муаммоларнинг камроқ кузатилиши билан бошқа омилларга қараганда кўпроқ аҳамиятга эга. Экран қаршисида ўтказилган вақт иккинчи ўринда турган бўлса, жисмоний фаоллик ва овқатланишнинг боғлиқлиги нисбатан паст бўлган.

Тадқиқотчилар уйқунинг руҳий саломатлик билан боғлиқлигини ҳам ўрганди. Масалан, уйқу депрессия белгилари билан пастроқ ўқиш натижалари ўртасидаги боғлиқликнинг 18,5 фоизи, хавотир билан боғлиқ ҳолатларда 36,3 фоизи ва психозга ўхшаш белгилар кузатилган вазиятларда 8,3 фоизи билан боғлиқ бўлган.

Экран вақтининг ҳиссаси эса хавотирда 5 фоиз, депрессияда 6,3 фоиз ва психозга ўхшаш белгиларда 6,2 фоизни ташкил этган.

Бироқ олимлар бу рақамларни “кўпроқ ухлаш руҳий муаммоларни даволайди” деб тушунмаслик кераклигини таъкидлайди. Тадқиқот сабаб-оқибатни эмас, уйқу, руҳий ҳолат ва кундалик фаолият ўртасидаги боғлиқликни кўрсатади.

**Нега уйқу шунчалик муҳим?**

Уйқу вақтида мия фақат дам олиш билан чекланмайди. Бу пайтда хотира мустаҳкамланади, ўрганилган маълумотлар қайта ишланади, ҳиссий ҳолат тартибга тушади ва организм тикланади.

Шу сабабли етарлича ухламаган бола эртаси куни нафақат уйқусираб юриши, балки диққатини жамлаш, янги маълумотни ўзлаштириш, ҳис-туйғуларини бошқариш ва тенгдошлари билан мулоқот қилишда ҳам қийналиши мумкин.

Бу айниқса ўсмирлик даврида муҳим, чунки айнан шу даврда мия ва шахсият фаол ривожланишда давом этади.

Тадқиқот муаллифи Жейсон Смуснининг айтишича, олимлар уйқу муҳим омил бўлишини билган, бироқ унинг экран вақти, жисмоний фаоллик ва овқатланишдан бунчалик устун туришини кутмаган.

Тадқиқотчилар ота-оналарга болаларнинг уйқу режимига ҳам экран вақти каби жиддий эътибор беришни тавсия қилади. Ухлаш ва уйғониш вақтини барқарор қилиш, кечаси телефондан фойдаланишни чеклаш ва етарли ухлаш учун шароит яратиш боланинг умумий ҳолатини қўллаб-қувватлаши мумкин.

Шундай экан, фарзандингиз яхши ўқиши учун унга ҳар доим ҳам қўшимча машғулот ёки яна бир соат дарс керак бўлавермайди. Баъзан унинг яхши ўқиши учун энг оддий ёрдам — вақтида ухлашига имкон беришдир.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.