“Бир марта хиёнат қилган одам бу ишни яна қилади”. 17 йиллик танаффусдан сўнг кинога қайтган Зиёда Рўзиқулова 4 фарзандининг отаси билан ажрашгани ҳақида

“Бир марта хиёнат қилган одам бу ишни яна қилади”. 17 йиллик танаффусдан кейин кинога қайтган Зиёда Рўзиқулова 4 фарзандининг отаси билан ажрашгани ҳақида
Томошабинларга “Жоним сени ёхуд эгизаклар” филмидаги роли орқали яхши таниш бўлган актриса Зиёда Рўзиқулова “Менинг юртим” телеканалининг “Ўзимизнинг гап” дастурида меҳмон бўлиб, ҳаётидаги синовлар, ижоддан узоқлашган йиллари ва турмуш ўртоғи билан ажрашиши ҳақида сўзлаб берди.
“17 йил санъатдан ташқарида бўлдим”
— Санъатга илк бор кириб келганимда 12 ёшда эдим. Аммо кейин, турмушга чиққанимдан сўнг, роппа-роса 17 йил ижоддан узоқда бўлдим. Оилали бўлиб, кетма-кет фарзандли бўлиб, уйда ўтирган пайтларим телевизор томоша қилардим. Мен билан бирга ўқиган курсдошларимнинг бари ижодда, унвонлар оляпти. Ростини айцам, уларга қараб кўнглимдан турли ўйлар ўтарди. Бу ҳасад ёки кўра олмаслик эмас, шунчаки мен ҳам улар билан бирга ўқиганман, олий баҳоларга тамомлаганман-ку, деган туйғу эди. Менинг ҳам истеъдодим бор эди, балки мен ҳам ҳозир уларнинг ёнида ёки ўрнида бўлишим мумкин эди, деган фикрлар албатта хаёлимдан ўтарди.
“Болалигимдан оилапарвар қиз бўлганман”
— Болалигимдан оилапарвар бўлганман. Оилам бўлса, ҳали кўп фарзанд кўраман, деб ният қилардим. Бир томондан оиламга, болаларимга қараганимда ўзимни ўзим “Худога шукр, ҳаммаси яхши. Сен катта йўқотиш қилмадинг, аксинча, ҳаётингда жуда муҳим топилмалар бўлди”, деб овутган йилларим кўп бўлган.
“Тажрибам бўлмаганида ролларим бунчалик чиқмасди”
— Афсусланиш керак эмас, дейишади. Ўтган иш ўтди, тақдиримизда борига кўниб, ўзимизни овутамиз. Баъзан ҳаётим бошқача кечганида нима қилардим, деб ўйлаб қоламан. Албатта, карьерани давом эттирган бўлардим. Ҳозир-чи? Орадан шунча йил ўтган бўлса ҳам, бугун фаолиятимни тўхтаган жойидан давом эттиряпман-ку, деган ўй менга таскин беради. Шундай экан, менда ҳеч қандай афсус йўқ. Агар ўша давр ва синовлардан ўтмаганимда, балки ҳозирги ролларим, кинога қайтишим бунчалик шов-шувли бўлмасди. Бугунги ролларимни бундан 20 йил аввал ижро этганимда, эҳтимол ҳозиргидек ўйнай олмасдим, деб ўйлайман. Чунки ҳаётий воқеаларни ўзингиздан ўтказганингиздагина уни яхши ҳис қила оласиз.
“Катта қизим Москва давлат университетида ўқийди”
Актриса тўрт нафар — уч қиз ва бир ўғилнинг онаси. Катта фарзанди 20, кичиги 5 ёшда бўлган Зиёда Рўзиқулова фарзандларининг таълимига бефарқ она эмас.
— Катта қизим Москва давлат университетининг тиббиёт йўналишида таҳсил олади. Қариндош-уруғлар орасида қиз болани ёлғиз чет давлатга ўқишга юбориш масаласи кўп тортишувларга сабаб бўлди. “Қиз боланинг чет элда ўқиши шарт эмас, Тошкентда ўқийверса ҳам бўлади”, деган гаплар бўлди. Шундан сўнг фарзандим билан бирга мен ҳам Москвага кетдим. Бир йил давомида у ерда қизим билан бирга яшадим. Бегона ва катта шаҳарда унга таянч бўлишга ҳаракат қилдим. Дўстлари, устозлари билан танишиб, тил топишиб, муҳитга кўникканидан кейин қизимнинг ўзи “она, энди бўлди, ука-сингилларимнинг олдига боринг. Мендан хавотир олманг, анча мустақил бўлдим. Бемалол кетаверсангиз бўлади”, деганидан кейин ортга қайтдим, дейди актриса.
“Баъзан бахтдан эмас, ғамларимизни яшириш учун ҳам куламиз”
— Баъзида кулгуларимиз бахт белгиси эмас, балки айрим оғриқларни яшириш усули бўлиши мумкин. Вақтида хиёнатни ҳам, ёлғонни ҳам кечирдим. Аммо кечирганим учун ҳам панд едим. Аслида буни кечириш керак эмас экан. Чунки бир марта хиёнат қилган одам яна хиёнат қилиши мумкин.
“Қизим улар учун турмуш ўртоғим билан бирга яшашга мажбур эмаслигимни айтган”
— Бу вазиятдан, шукрки, фарзандларим тушкунликка тушиб қолишмади. Улар ҳам катта бўлиб қолишганди, ота-онасининг муносабатларини кўриб, тушунишарди. Турмушимизнинг охирги йилларида фақат фарзандлар учун чидаб яшай бошладим. Ўша пайтларда ҳатто 15-16 ёшлардаги катта қизим ёнимга ўтириб “она, дадам билан нима учун бирга яшаяпсиз? Сизларда севги-муҳаббат йўқ-ку”, деди. Катта қизим китоб ўқишни яхши кўради. У китоблардаги муҳаббатни дадаси иккимизнинг муносабатимизда кўрмаётганини айтди. Шунда унга “сизлар учун яшаб келяпман”, дедим. Бу жавобимдан кейин қизим “она, биз учун ўзингизни мажбурлаб яшаманг. Биз катта бўлдик. Мен ҳам чет давлатида ўқишга ҳаракат қилиб юрибман. Менга ота керак эмас, демоқчи эмасман. Лекин сизларнинг муносабатингизни кўриб, отамдан нафратланиб кетяпман. Мен катта фарзандман, агар шундай давом этаверса, отамизни ёмон кўриб қолишимиз мумкин. Биз уни яхши кўрамиз, шунинг учун яхшиси ажраша қолинглар”, деди.
“Ажрашиш қарорини турмуш ўртоғимга биринчи бўлиб ўзим айтдим”
— Ажрашиш қарорини турмуш ўртоғимга биринчи бўлиб ўзим айтдим. Буни уруш-жанжалсиз, тинчлик билан тушунтирдим. Чунки доим бақир-чақир, жаҳлда айтилган “ажрашаман, кетаман” деган гаплар бир неча бор такрорланса, оилада ҳурмат йўқоларкан. Кетиб-келавериш ҳам қадрни туширади. Шунинг учун бу қароримни айтишда бошқача йўл тутдим.
Ҳеч нарса бўлмагандек, хотиржам ишдан келишларини кутдим. Тушлик тайёрлаб, дастурхон ёздим. Иккаламиз қарама-қарши ўтирганда, ҳатто уларнинг овқатланиб бўлишини кутиб турдим. Чунки бу гапдан кейин одамнинг иштаҳаси бўғилиши мумкин эди. Тушлик қилиб бўлгач, кўзларига қараб ажрашмоқчи эканимни айтдим. Аввалига мийиғида кулиб, бунга ишонмади. Шундан сўнг гапим жиддийлигини билдириб “ҳаттоки сиз учун чой дамлаб, таом тайёрлагим келмаяпти. Кийимларингизни ҳам ювишни хоҳламайман. Шунчаки сизни энди яхши кўрмайман”, дедим. Бу гапимдан кейин овқатланишни тўхтатиб, юзимга қарадилар. У киши жуда яхши психолог. Кўзларимга боқиб, менда ҳеч қандай ҳис-туйғу қолмаганини тушунди ва ортиқча гап-сўзсиз “хўп” деди. Ўша суҳбат бизнинг охирги гаплашишимиз бўлди, дейди актриса.

