Дунё

Қирғизистонда ёшларни театр ва музейларга мажбурий боришга ўтказиш таклиф қилинди

Қирғизистонда ёшларни театр ва музейларга мажбурий боришга ўтказиш таклиф этилди

Қирғизистонда мактаб ўқувчилари ва талабаларнинг театр, филармония ҳамда музейларга мажбурий боришини назарда тутувчи абонемент тизимини жорий этиш таклиф қилинди.

Лойиҳага кўра, ҳар бир ўқувчи ва талаба бир йил давомида театр-томоша муассасаларидаги спектакл ёки консертларга икки марта, музейларга эса икки марта бориши керак бўлади. Шу тариқа бир киши учун йилига жами тўртта маданий ташриф белгиланади.

Ҳисоб-китобларга кўра, театр ёки филармонияга бир марта бориш учун ўртача 300 сом ажратилади. Йилига икки ташриф учун бу 600 сомни ташкил этади. Музейга икки марта бориш учун эса яна 200 сом — ҳар бир ташрифга 100 сомдан маблағ кўзда тутилган. Time.kg нашрига кўра, давлат бир ўқувчи ёки талаба учун йилига 800 сом сарфлаши режалаштирилмоқда.

“Дастур 1 млн 536 минг 633 нафар мактаб ўқувчиси, 187 минг нафар олийгоҳ талабалари ҳамда 98 минг нафар ўрта махсус таълим муассасаси талабасини қамраб олиши кутилмоқда. Жами бир йиллик харажат қарийб 1,46 млрд сом бўлади”, дейилади хабарда.

Маданий муассасаларга ташриф ўқувчи ва талабалар учун бепул бўлиши режалаштирилган. Харажатлар ҳар йили республика бюджетидан қопланади. Маблағларни Маориф вазирлиги ҳамда Фан, олий таълим ва инновациялар вазирлиги ажратади.

Вазирликлар театр ва музейларга борганлар рўйхати асосида ҳисоб юритади. Пул маданият муассасаларининг ҳисоб рақамига тўғридан тўғри ўтказилиши ёки рақамли механизмлар орқали ўқувчи ва талабаларга ажратилиши мумкин. Лойиҳани амалга оширишга “Элкарт” тўлов тизимини бошқарувчи ташкилот ҳам жалб қилиниши кўзда тутилган.

Ташаббус муаллифлари ёшлар орасида интернет ва электрон ўйинларга қарамлик кучайиб бораётганини уни жорий этиш сабабларидан бири сифатида келтирган. Дастур орқали ёшларни музей, драматик ва қўғирчоқ театри, мусиқа, опера, балет ҳамда сирк санъатига жалб қилиш мақсад қилинган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.