Дунё

“Европа қўшинларининг Украинага киритилиши Россия билан урушни англатади” — Путин

“Европа қўшинларининг Украинага киритилиши Россия билан урушни англатади” — Путин

Европа давлатлари қўшинларининг Украина ҳудудига киритилиши Россия билан уруш бошланишини билдиради. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Ню-Деҳлида ўтаётган БРИКС саммити доирасида журналистларга маълум қилди.

“Ҳозир улар Украина ҳудудига қўшин киритиш ҳақида ўйлаётганини айтмоқда. Бу Россия билан урушни англатади”, деди Путин.

Россия президенти Европа давлатлари ўз мамлакатларини Москва билан ҳарбий тўқнашувга олиб бораётганини даъво қилди.

Унинг айтишича, Россиянинг Европа билан можаро қилиш учун асоси йўқ. Путин бу масаладаги барча саволлар Иккинчи жаҳон уруши якунлари билан ҳал этилганини таъкидлади.

Кремл раҳбари европаликларнинг бир қисми ҳукуматлари юритаётган сиёсат оқибатларини тушунаётганини ҳам билдирди. У Германиядаги “Германия учун алтернатива” партиясининг сайлов натижаларини ҳам шу жараён билан боғлади.

2026 йил январда Украина, Франсия ва Буюк Британия уруш тугаганидан сўнг Украина ҳудудига хорижий кучларни жойлаштириш имконини назарда тутувчи декларацияни имзолаганди. Ҳужжат Парижда бўлиб ўтган «Кўнгиллилар коалицияси» саммити доирасида қабул қилинган.

Режага кўра, ўт очиш тўхтатилгач, Буюк Британия ва Франсия Украина ҳудудида ҳарбий марказлар ташкил этиши, Украина армиясини қўллаб-қувватлаш учун қурол-яроғ ва техника сақланадиган ҳимояланган обьектлар барпо этиши мумкин.

Франсия томони хорижий кучлар Украина армиясини тайёрлаш ва Россиянинг эҳтимолий янги ҳужумини тийиб туришда иштирок этишини билдирган. Ташаббус Европа давлатлари раҳбарлигида, АҚШнинг ташкилий кўмаги билан амалга оширилиши режалаштирилган.

Россия бунга кескин қарши чиққан. 8 январда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украинага жойлаштириладиган ҳар қандай хорижий ҳарбий контингент Россия армияси учун “қонуний нишон” бўлишини маълум қилганди.

Орадан икки кун ўтиб, Франсия президенти Эммануел Макрон мамлакат парламентини Украинага франсуз ҳарбийларини жойлаштириш имконини маъқуллашга чақирганди.

Бироқ “Кўнгиллилар коалицияси”нинг барча иштирокчилари ҳам Украинага ҳарбий юборишга тайёр эмас. Италия бош вазири Жоржа Мелони мамлакат қўшинлари Украина ҳудудига жойлаштирилмаслигини маълум қилганди. Коалиция доирасида ҳар бир давлатнинг қўшин юбориш масаласида мустақил қарор қабул қилиши белгиланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.