Россияда 25 мингга яқин хорижлик қамоқда сақланмоқда
Айни пайтда Россиядаги ахлоқ тузатиш колонияларида 16 нафар АҚШ фуқароси жазо ўтамоқда. Уларнинг аксарияти гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар, контрабанда, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ва зўравонлик жиноятлари учун судланган.

Россияда қарийб 25 минг хорижий фуқаро қамоқда сақланмоқда
Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) директори Аркадий Гостев 11-сентабр куни МДҲ давлатлари пенитенсиар хизматлари раҳбарлари кенгашининг ХИ йиғилишида шу ҳақда маълум қилди.
У «Интерфакс» агентлиги саволига жавоб берар экан, ҳозир Россия ахлоқ тузатиш колонияларида 16 нафар АҚШ фуқароси жазо ўтаётганини айтди.
Гостевнинг сўзларига кўра, америкаликларнинг аксарияти гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси, контрабанда, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, шунингдек, жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар учун судланган.
ФСИН раҳбари Россия жиноий-ижро тизими муассасаларида сақланаётган хорижликларнинг умумий сони ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг айтишича, айни пайтда Россиядаги тегишли муассасаларда қарийб 25 минг нафар хорижий фуқаро сақланмоқда.
Уларнинг катта қисмини МДҲ мамлакатлари фуқаролари ташкил этади. Тахминан 4,5 минг нафар хорижлик тергов ҳибсхоналарида, яна 14,1 минг нафари эса ахлоқ тузатиш колонияларида сақланмоқда.
ФСИН маълумотларига кўра, Россияда озодликдан маҳрум этиш муассасаларида сақланаётган хорижликлар сони 2024-йилдан буён камайган.
Аркадий Гостев бу тенденсияни, аввало, мамлакатда жиноятчилик даражасининг умумий пасайиши билан изоҳлаган.
Россия қамоқхоналари ва колонияларида сақланаётган АҚШ фуқаролари масаласи Москва ва Вашингтон муносабатларидаги муҳим мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда икки давлат бир неча бор маҳбуслар алмашинувини амалга оширган.
Шунингдек, Россия ва АҚШда судланган икки мамлакат фуқароларининг тақдири билан боғлиқ масалалар дипломатик мулоқотларда мунтазам равишда кўтариб келинади.

