Россия Литвага ядровий қурол қўллаш билан таҳдид қилди

Россия Литвага ядровий қурол билан таҳдид қилди
Агар Литва ўз ҳудудида ядро арсеналларини жойлаштирса, Россия ядро қуроллари шу мамлакатга қаратилади. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Бу қуроллар Ғарбга эмас, Шарққа — яъни бизга қаратилиши аниқ”, дея Песковнинг сўзларини “Интерфакс” келтирмоқда.
Кремл вакили таъкидлашича, агар бирор ҳудудда Россияга қаратилган ядро қуроли пайдо бўлса, у ҳолда ўша мамлакат ҳудуди ҳам Россия ядро қуроллари нишонига айланади. Унинг айтишича, бу вазиятнинг кескинлашуви ва таранглашуви нуқтайи назаридан жуда жиддий бурилиш бўлади.
2026-йил июнида Литва ҳукумати ўз ҳудудида ядро қуролини жойлаштириш бўйича музокаралар олиб бораётганини тасдиқлаган эди. Финансиал Тимес хабарига кўра, гап ядровий каллакларни ташишга қодир бўлган Америка бомбардимончи самолётлари ҳақида кетмоқда.
Литва конституциясининг амалдаги моддасига кўра, мамлакатда оммавий қирғин қуроллари ёки хорижий ҳарбий базаларни жойлаштириш тақиқланган. Шу сабабли Литва расмийлари бу тақиқни бекор қилиш учун конституцияга ўзгартириш киритиш масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган.
1997-йилдаги Россия ва НАТО ўртасидаги келишувда алянснинг янги аъзолар ҳудудида ядро қуролини жойлаштириш нияти, режаси ёки сабаби йўқлиги белгиланган. Россия ва Украина ўртасидаги уруш бошланганидан кейин Москва ўзининг тактик ядро қуролларини Беларус ҳудудида жойлаштирган.
Аввалроқ НАТО Россиянинг эҳтимолий ҳужуми учун уч босқичли режа ишлаб чиққани ҳақида хабар берилганди. Бу чора-тадбирлар Москва Балтиқбўйи мамлакатларига бостириб кирган тақдирда қўлланади. Алянс мамлакатни тийиб туриш ва ҳужумнинг олдини олиш мақсадида бу ҳарбий режаларни сир тутмасликка қарор қилган.

