Франсия ва Словакия Алишер Усмоновни Евроиттифоқ санксияларидан чиқаришни сўрамоқда

Франсия ва Словакия Алишер Усмоновни Евроиттифоқ санксияларидан чиқаришни сўрамоқда
Франсия Словакия билан бирга, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмоновни Европа Иттифоқининг санксиялар рўйхатидан олиб ташлашни сўрамоқда.
Словакия бундан олдин ҳам Усмонов ҳамда миллиардер Михаил Фридманни Россиянинг Украинага қарши уруши сабаб жорий этилган Евроиттифоқ санксияларидан чиқаришни талаб қилиб келган эди. Энди бу масалада Братиславани Париж ҳам қўллаб-қувватламоқда.
Нашр манбаларига кўра, Франсиянинг бу қарори бошқа аъзо давлатларда “кучли норозилик” келтириб чиқарган. ЕИ дипломатларидан бири Парижнинг бундай позицияси ортида асосан иқтисодий омиллар бўлиши мумкинлигини айтган.
Шу билан бирга, Франсиянинг ЕИдаги доимий ваколатхонаси Париж Россияга қарши санксияларнинг умумий муддатини узайтиришни қўллаб-қувватлашини билдирган. Усмоновни рўйхатдан чиқариш талаби эса Словакия билан келишувга эришиш учун сиёсий муроса сифатида илгари сурилган.
Словакия бир неча бор санксияларни узайтиришга қарши чиққан, Усмонов ва Фридманни рўйхатдан чиқаришни, шунингдек, шахсий санксияларни ҳозиргидек ҳар олти ойда қайта кўриб чиқиш тартибини сақлаб қолишни талаб қилган. Айни пайтда уларни бир йилга узайтириш варианти ҳам муҳокама қилинмоқда.
Европа Иттифоқида бундай санксияларни узайтириш учун барча 27 давлатнинг розилиги керак. Шу сабабли ҳатто битта давлат ҳам қарорни блоклаши мумкин. ЕИ элчилари 14-сентябрда яна йиғилиши, келишув эса 15-сентябргача қабул қилиниши лозим.
Евроиттифоқ Кенгаши жорий йил март ойида Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ шахс ва ташкилотларга нисбатан чекловларни яна олти ойга — 2026-йил 15-сентябргача узайтирган эди. Ушбу чоралар активларни музлатиш, жисмоний шахсларнинг ЕИ ҳудудига киришини чеклаш ҳамда уларга маблағ ва бошқа иқтисодий ресурслар тақдим этишни тақиқлашни ўз ичига олади.
Алишер Усмонов 2022-йил февралда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин ЕИ санксиялар рўйхатига киритилган.
Усмоновни Европа санксияларидан чиқариш масаласи аввал ҳам бир неча бор кўтарилган. Жумладан, 2025-йил февралда Венгрия Усмонов ва унинг синглисини санксиялар рўйхатидан чиқариш таклифини илгари сурганди. Будапешт саккиз нафар россиялик рўйхатдан чиқарилмаса, санксияларни узайтиришга розилик бермаслигини билдирган эди.
Бундан аввал, 2022-йил сентябрда Венгрия Усмонов ва яна икки нафар россиялик бизнесменга нисбатан санксияларни бекор қилиш талабини илгари сурган, кейинчалик бу талабдан вақтинчалик воз кечганди.
Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиева 2022-йил апрелда ЕИ санксиялар рўйхатига киритилган, аммо ўша йил сентябрда унга нисбатан чекловлар бекор қилинган. Усмоновнинг ўзи эса рўйхатда қолган.
2025-йил ноябрда Гамбург суди Усмонов Швейсариядаги активларини синглиси орқали яширгани ҳақида Фасебоокъда тарқатилган даъвони асоссиз деб топганди.
2025-йил декабрда эса Германияда Алишер Усмоновга нисбатан олиб борилган яна бир тергов тўхтатилганди.

