Дунё

Гуржистонда собиқ мудофаа вазири давлатга хиёнатда айбланиб қўлга олинди

Гуржистонда собиқ мудофаа ва ички ишлар вазири, мухолифатдаги «Ягона миллий ҳаракат» партияси етакчиларидан бири Георгий Барамидзе қўлга олинди. Унга «ватанга хиёнат, хусусан, саботаж» айблови қўйилиши кутилмоқда. Ишга Барамидзенинг 1992–1993-йиллардаги Абхазия уруши ҳақида айтган гаплари сабаб бўлган.

Гуржистонда собиқ мудофаа вазири давлатга хиёнат айблови билан қўлга олинди

Гуржистон Бош прокуратураси 11-сентабр куни Георгий Барамидзе суд қарори асосида ҳибсга олинганини маълум қилди. У мамлакатда бош вазир вазифасини бажарган, шунингдек, мудофаа ва ички ишлар вазири лавозимларида ишлаган.

58 ёшли Барамидзе ҳозирда Гуржистоннинг собиқ президенти Михаил Саакашвили асос солган мухолифатдаги «Ягона миллий ҳаракат» партияси етакчиларидан бири саналади.

Гуржистон бош прокурори ўринбосари Амиран Гулуашвилининг айтишича, Барамидзега «ватанга хиёнат, аниқроғи, саботаж» бўйича айблов қўйилади.

Жиноят иши Барамидзенинг 18-июл куни мухолифатчи сиёсатчи Яго Хвичиянинг ЁуТубе-каналида эфирга узатилган «Гуржистоннинг туғилиши» дастурида билдирган фикрлари ортидан очилган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, Барамидзе суҳбат чоғида 1992–1993-йиллардаги Абхазия уруши бошида грузин ҳарбийлари асир олмагани, балки қўлга тушганларни жойида отиб ташлаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, шу боис гуржи томонида, Абхазия томонидан фарқли равишда, асирларни алмашиш учун «алмашув фонди» бўлмаган.

Барамидзенинг ушбу баёноти юзасидан тергов 7-август куни Гуржистоннинг Ветеранлар ишлари бўйича давлат хизмати шикоятидан кейин бошланган.

Бош прокуратура тергов давомида гуржи армияси асирларни отиб ташлаганини тасдиқловчи ҳеч қандай факт аниқланмаганини билдирган.

Идора Барамидзенинг гапларини «асоссиз ва сохталаштирилган» деб баҳолаган. Прокуратура талқинига кўра, унинг баёноти «қасддан қилинган мафкуравий ва тарғибот характерига эга» бўлиб, Гуржистоннинг давлат ва миллий манфаатлари, ташқи хавфсизлиги, мудофаа қобилияти ҳамда давлат институтларига зарар етказишга хизмат қилади.

Шунингдек, прокуратура Барамидзенинг сўзлари Гуржистон имижи ва мамлакат Мудофаа кучлари обрўсига путур етказгани, Абхазия уруши қатнащилари ва ҳалок бўлган ҳарбийларнинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қилганини иддао қилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бу баёнот можародан жабрланган аҳоли ўртасида ярашув ва ишончни мустаҳкамлаш жараёнига хавф туғдиргани, Гуржистоннинг тинчлик ва деоккупация сиёсатига путур етказгани ҳамда давлат идораларининг нормал фаолиятини қийинлаштирганини билдирган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.