Туркий давлатлар ўртасида Туркпол ташкилоти тузилади

Туркий давлатлар ўртасида Туркпол ташкилоти тузилади
Қозоғистонда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти ички ишлар вазирларининг 3-йиғилишида жиноятчиликка қарши кураш ва хавфсизлик масалалари кўриб чиқилди. Унда Интерпол ва Европолга ўхшаш Туркпол ташкилотини яратиш таклифи билдирилди. Бу ҳақда ТРТ Ҳабер хабар берди.
Мазкур таклиф Туркия ички ишлар вазири Мустафо Чифтчи томонидан илгари сурилди. Унинг сўзларига кўра, ташаббусни Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Ўзбекистон қўллаб-қувватлаган. Янги тузилма давлатлар ўртасида ахборот алмашиш ва биргаликда ҳаракат қилиш имконини беради.
Йиғилишда, шунингдек, Жиноятчиликка қарши курашиш кенгашини тузиш бўйича ҳам келишувга эришилган. Ушбу кенгаш терроризм, гиёҳвандлик, ноқонуний миграция ва янги турдаги жиноятларга қарши фаолият юритади. Кенгаш ҳақидаги битим октябр ойида Анқарада бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар саммитида имзоланиши режалаштирилмоқда.
“Шу орқали жиноят ва жиноятчиларга қарши курашда ахборот алмашиш, мувофиқлаштириш ҳамда биргаликда ҳаракат қилиш имкониятларимизни расмий жиҳатдан янада мустаҳкамлаймиз”, деди вазир.
Мустафа Чифтчининг қўшимча қилишича, учрашувда туркий давлатлар фуқароларининг ИД карталар орқали саёҳат қилиши ҳамда аеропортларда қўшма паспорт назорати пунктларини ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинган. Маълумот ўрнида, октябр ойида Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мезбонлигида Туркий давлатлар ташкилоти етакчиларининг саммити бўлиб ўтади.
Аввалроқ Туркий давлатлар археологик ёдгорликларнинг ягона рақамли базасини яратиши ҳақида хабар берилганди. Венгрияда ўтган Туркий дунё илмий-тадқиқот институтлари ва археология марказлари ассоциацияси йиғилишида янги рақамли портал ва электрон атлас консепсияси ишлаб чиқилган. Платформа орқали олимлар қадимий обьектлар, қўшма экспедициялар ва илмий изланишлар бўйича ўзаро маълумот алмашиши кўзда тутилган.

