Дунё бўйлаб 739 млн вояга етган инсон саводсиз — ЮНЕСКО

Дунё бўйлаб 739 млн вояга етган инсон саводсиз — ЮНЕСКО
ЮНЕСКО 8-сентябр куни Халқаро саводхонлик кунининг 60 йиллигини нишонлади. Ташкилот саводхонлик инсоннинг асосий ҳуқуқи эканини яна бир бор эслатди. Шунингдек, дунё бўйлаб 739 миллион нафар катта ёшли одам ҳали ҳам оддий саводхонлик кўникмаларига эга эмаслиги билдирилди.
“Халқаро саводхонлик кунининг 60 йиллигини нишонлаяпмиз. Саводхонлик инсоннинг асосий ҳуқуқидир. У инсонлар ҳаётини, иқтисодиётни ва жамиятни ўзгартирадиган буюк кучдир”, деди ЮНЕСКО бош директори Ҳолид ан-Анани сана муносабати билан йўллаган мурожаатида.
ЮНЕСКО маълумотига кўра, сўнгги 50 йил ичида дунёда саводхонлик даражаси сезиларли ошган. Ёшлар орасидаги саводхонлик 1975-йилдаги 75 фоиздан 2024-йилда 93 фоизга чиққан. Катталар ўртасидаги саводхонлик эса 65 фоиздан 88 фоизга кўтарилган.
Бироқ ижобий силжишларга қарамай, 739 миллион вояга етган инсон ҳануз саводсиз қолмоқда. Уларнинг учдан икки қисми аёллардир. Бундан ташқари, дунё бўйича 273 миллион бола мактабга бормайди. Даромади паст ва ўртача бўлган мамлакатларда 10 ёшли болаларнинг 70 фоизи оддий матнни ўқий олмайди ва тушунмайди.
“Бу рақамлар бой берилган имконият ва салоҳиятни англатади. Шунингдек, бу инсоннинг асосий ҳуқуқлари поймол этилаётганини кўрсатади”, деди ан-Анани.
Халқаро саводхонлик куни ҳар йили 8-сентябрда нишонланади. Байрам тадбирлари 1967-йилдан бери ўтказиб келинади. Унинг мақсади адолатли, тинч ва барқарор жамият қуришда саводхонликнинг ўрнини кўрсатишдир. Бу йилги байрам “Одамлар, сайёра ва фаровонлик учун саводхонлик” мавзусида ўтди. ЮНЕСКО глобал байрам тадбирларини 8—9-сентябр кунлари Мексикада ўтказди.
Бу юбилей Афғонистонда таълим инқирози чуқурлашган бир пайтга тўғри келди. Айниқса, қизлар ва аёллар оғир аҳволда қолмоқда. “Толибон” қизларга олтинчи синфдан кейин ўқишни тақиқлаган. Ҳозир Афғонистон аёллар учун ўрта ҳамда олий таълим тақиқланган дунёдаги ягона мамлакатдир.
ЮНЕСКО Афғонистонда 2,4 миллион қиз таълим олиш имконидан маҳрум экани ҳақида маълум қилган эди.
Бу чекловлар саводхонлик, иш билан таъминланиш ва зарур хизматлардан фойдаланишга салбий таъсир кўрсатади. БМТ қизларни таълимдан маҳрум қилиш келажак авлодларга ҳам оғир оқибатлар олиб келиши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.
ЮНЕСКОнинг саводхонлик бўйича глобал стратегияси гендер тенглигига ва эътибордан четда қолаётган инсонларга ёрдам беришга қаратилган. Ташкилот таълим олиш имкониятларини кенгайтирмоқда, давлат таълим тизимларини кучайтирмоқда ва маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватламоқда.

