Афғонистонда 2,4 миллион қиз таълим олиш имконидан маҳрум — ЮНЕСКО

Афғонистонда 2,4 миллион қиз ўрта мактабда ўқиш имкониятидан маҳрум бўлиб, ЮНЕСКО “Толибон” ҳукуматини аёллар таълимига қўйилган чекловларни бекор қилишга чақирди, дея хабар берди Ал Жазеера.
Мамлакатда ўрта мактабда таълим ололмаётган қизлар сони 2025-йилги кўрсаткичга нисбатан 200 минг нафарга ошган. 2030-йилга бориб бу рақам қарийб 4 миллионга етиши мумкин. Афғонистон қизлар ва аёлларга ўрта мактаб ҳамда университетларда таълим олиши тақиқланган дунёдаги ягона давлатдир. Аёлларга нисбатан жорий этилган кўплаб чекловлар туфайли БМТ мамлакатдаги вазиятни “гендер апартеиди” деб атаган.
2022-йил март ойида қизлар ўрта мактаблардан, ўша йилнинг декабр ойида эса аёллар университетлардан четлатилди. Бу АҚШ ва иттифоқчи қўшинлар Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий иштирокини якунлаб, мамлакатни тарк этганидан ва “Толибон” ҳокимиятга қайтганидан бир неча ой ўтиб содир бўлди.
“Толибон” маъмурияти аёлларнинг ўғил болаларга дарс беришини ҳам тақиқлади. Натижада таълим тизимидаги малакали аёл ўқитувчилар ўрнини эркаклар эгаллади. ЮНЕСКО 2030-йилга бориб 11 мингдан ортиқ малакали аёл ўқитувчи етишмаслигини прогноз қилмоқда.
БМТнинг таъкидлашича, қизлар ва аёлларга таълим олишни тақиқлаш Афғонистон таълим тизими ва иқтисодиётига босим қилаётган қатор муаммоларни янада кучайтиради. Кўплаб таълим муассасалари зарур шароитлар билан етарлича таъминланмаган. Мактабларнинг қарийб ярмида сув таъминоти, санитария шароитлари ёки иситиш тизими мавжуд эмас. Сўнгги беш йил ичида табиий офатлар сабаб қарийб мингта мактаб ёпилган.
Бошланғич таълим даражасида эса 2 миллиондан ортиқ бола мактабга бормайди. 10 ёшли болаларнинг 90 фоизи оддий матнни ўқиб, тушуна олмайди. Бу мамлакатдаги саводхонлик даражасининг 37 фоизгача тушишига сабаб бўлган.
“Толибон” ҳукумати қизларнинг таълим олишини тақиқлашни бекор қилиш бўйича глобал чақириқларни, жумладан, мусулмон давлатларининг талабларини ҳам эътиборсиз қолдирмоқда.
“Толибон” ҳокимиятга келганидан бери Афғонистонда аёлларга нисбатан жорий этилган айрим тақиқлар қуйидагилар:
* афғонистонлик аёлларнинг БМТ идораларида ишлаши;
* эркакларга аёллар учун кийим тикиш;
* аёлларнинг эркак шифокорларга бориши;
* аёлларнинг шифохонага ёлғиз бориши;
* аёлларнинг истироҳат боғига ташриф буюриши;
* оилалар ва аёлларнинг боғлари ёки яшил ҳудудлари бўлган ресторанларга кириши;
* аёллар овози эшитилган рекламаларни эфирга узатиш;
* аёлларнинг бурқасиз давлат идораларига кириши;
* аёлларнинг сотувчилари билан савдолашиши тақиқланган.

