Дунё

“Толибон” Бадахшонда намойищиларни ўққа тутди, тўрт киши ҳалок бўлди

**Бадахшонда "Толибон" намойищиларга қарата ўт очди, тўрт киши ҳалок бўлди**

Афғонистоннинг шимоли-шарқий қисмидаги Бадахшон вилоятининг Яфтали Пайин туманида "Толибон" ҳаракати вакиллари намойищиларга қарата ўт очиши оқибатида камида 4 киши ҳаётдан кўз юмди ва 9 киши жароҳатланди. Бу ҳақда 2-август куни маҳаллий аҳоли хабар берди.

Аму ТВ нашрига кўра, аҳоли вакиллари норозиликларга "Толибон"нинг сўнгги ойларда кучайтирган босими, жумладан, тинтувлар, ҳибсга олишлар ва хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши сабаб бўлганини таъкидлади.

"Кеча вазият жуда оғир эди, бугун ҳам яхши эмас. Тўқнашувда 3 киши ҳалок бўлди, яна бир киши касалхонага кетаётганда йўлда вафот этди. 9 киши яраланди. Тўқнашувлар бошланганидан бери кўчага чиқа олмаяпмиз", — деди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Бошқа бир фуқаронинг сўзларига кўра, "Толибон" сўнгги кунларда ҳибсга олишларни кўпайтирган, ёшлар қўлга олинишдан қўрқиб уйдан чиқа олмаяпти, уйлар эса қайта-қайта тинтув қилинмоқда.

"Толибон" эса вазиятга бошқача изоҳ берди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, назорат-ўтказиш пунктида гиёҳванд модда олиб ўтаётган мотосикл тўхтатилганидан сўнг тўқнашув юзага келган. Расмийлар намойищиларни "ҳужумчилар" деб атаб, уларнинг бир нечтаси яраланганини билдирди.

Маҳаллий манбалар "Толибон" орасида ҳам ярадорлар борлигини тасдиқлади, аммо уларнинг аниқ сони маълум эмас. Шу билан бирга, ҳозирда Яфтали Пайин ва Зебок туманларида "Афғонистон озодлик фронти" каби қуролли гуруҳлар ва "Толибон" ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.

**11 та вилоятдан аскарлар йиғилмоқда**

Мамлакатда мухолифат фаоллашгани сабабли "Толибон" 2-август куни еттита вилоятда 547 нафар янги ҳарбий хизматчи ёлланганини маълум қилди. Умуман олганда, 11 та вилоятда, жумладан, Қандаҳор, Бадахшон, Хост, Кунар, Логар, Зобул, Пактия, Пактика, Нуристон, Нангарҳор ва Нимрўзда янги аскарлар йиғилмоқда.

"Толибон" Бош штаби матбуот хизматининг хабар беришича, янги аскарлар "Ҳазрат Абдуллоҳ бин Масъуд" жанговар тайёргарлик командирлигига юборилган. "Толибон" асосий эътиборни чегарадаги вилоятларга қаратмоқда.