Қирғизистонда президентлик сайлови санаси маълум бўлди

Қирғизистонда президентлик сайлови санаси белгиланди
Қирғизистон парламенти депутатлари президентлик сайлови ўтказиладиган санани тасдиқладилар. Овоз бериш амалдаги давлат раҳбарининг ваколат муддати тугайдиган йилнинг январ ойи тўртинчи чоршанбасида бўлиб ўтади.
Жўқорғу Кенеш матбуот хизмати хабар беришича, «Қирғизистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси бугун, 24 сентябр куни парламент йиғилишида кўриб чиқилди ва қабул қилинди.
Ушбу масала бўйича Жўқорғу Кенешнинг Конституциявий қонунчилик, давлат тузилиши, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ва регламент қўмитаси раиси Гулнара Акимбаева маъруза қилди.
Шу тариқа, навбатдаги президентлик сайлови амалдаги давлат раҳбарининг ваколат муддати тугайдиган йилнинг январ ойи тўртинчи чоршанбасида, яъни 2027 йил 27 январда бўлиб ўтади.
Овоз бериш санасидан ташқари, депутатлар бўлажак сайлов кампаниясига доир бошқа ўзгартиришларни ҳам маъқулладилар. Эндиликда судланганлиги олиб ташланган ёки жиноят иши оқловсиз асослар билан тугатилган шахс президент бўла олмайди. Илгари номзоднинг судланганлиги бўлмаслиги керак эди, бироқ у олиб ташланган тақдирда сайловда иштирок этиши мумкин эди.
Бундан ташқари, овоз бериш илгаригидек дам олиш куни эмас, балки илк бор иш кунида бўлиб ўтади.
«Биз президентлик сайловини иш кунида ўтказишга қарор қилдик. Хусусан, сайловчилар фаоллигини ошириш мақсадида 27 январ чоршанба куни бўлади. Сайлов участкаларида одамлар қанчалик кўп бўлса, шаффофлик шунчалик юқори бўлади, коррупцион схемалар йўлини тўсиш имкониятлари кўпаяди ва сайловчиларни сотиб олишга имкониятлар камаяди. Биз бунга қарши, жумладан, шундай усуллар билан ҳам муваффақиятли курашяпмиз», — деди Қирғизистон Жўқорғу Кенеши спикери Марлен Маматалиев.

