Дунё

“Биласизларми, президент бўлиб мени нима қийнайди? Менга вақт етмайди!” — Шавкат Мирзиёев

“Биласизларми, президент бўлиб мени нима қийнайди? Менга вақт етмайди!” — Шавкат Мирзиёев

Жанубий Кореяга давлат ташрифи билан борган Шавкат Мирзиёев Сеулда ватандошлар билан учрашув чоғида ўзига вақт етишмаслигини айтиб ўтди.

“…Мен машинада кўп юраман, кўчада бир-бири билан мулоқот қилиб кетаётган ёшларни кўриб ўйлайман: қани энди улар энг бахтли кунлари шу эканини билсалар. Биласизларми, президент бўлиб мени нима қийнайди? Менга вақт етмайди! ”.

Сеулда давлат раҳбарининг ватандошларимиз билан мулоқотида шу сўзларни эшитиб, таъсирландим. Ўзбекистон президентининг давлат ташрифини ёритиш учун келган журналистларга ҳам, бутун делегациямизга ҳам, мана энди билдикки, президентимизга ҳам вақт етмаяпти.

Тасаввур қилинг, Сеул 4 соат олдинда. 15-сентябр куни Ўзбекистонда тонгги 6 бўлган пайтда давлат раҳбарининг Корея Миллий ассамблеясидаги учрашуви бўлаётганди.

Президентимиз парламент спикери билан хайрлашаётганида айтган гаплари қулоғимга чалинди: “Ишларимиз жуда кўп, соат 4 да уйғонишга тўғри келяпти” .

“Ишларимиз жуда кўп” деганининг маъноси, менимча, шундай: президентнинг иш дастурида тушга қадар 1 та учрашув, 1 та қабул, яна 200 кишилик Ўзбекистон-Корея бизнес форумида нутқ, ҳужжатларни имзолаш маросими, Ўзбекистон вилоятларида 5 та қўшма янги лойиҳага старт бериш маросими, Кореянинг 10 та чебол компанияси (кўп тармоқли улкан оилавий бизнес) билан тет-а-тетлар бор. Шу пайтда яна бир залга одамлар йиғилган, Кореяда яшаётган ва ўқиётган 50 га яқин ватандошлар кутиб турибди. Бу ишларнинг бошида туриш у ёқда турсин, шунчаки ўқиб чиқсангиз ҳам “эҳҳе” дейсиз.

Костюм-шим кийган жиддий одамларнинг гапларини эшитиб қоламан: “балки ватандошлар билан учрашув ъотменъ бўлар? Учрашувга кирманг, деб айта қоламиз, саммитга тайёргарлик кўришлари керак, ҳали ъобедъ ҳам қилмадилар”.

Тушлик қилмай ишлашларига биз ҳам гувоҳмиз, айниқса хорижда тадбирлар бир-бирига уланиб кетаверади. Президент кўпроқ одам билан гаплашишга ҳаракат қилади. Кўпроқ фойда олиб кетай юртимга, дейди президент.

Бир кун ичида ниҳоятда кўп одам билан гаплашиб, топшириқлар бергани, нутқ сўзлагани — “нон-стоп” режими ўз таъсирини кўрсатади: президент баъзан томоғи қирилаётгани учун узр сўрайди, “булар менга сув ҳам бермайди” деб ярми ҳазил, ярми чин гапиради.

Аудитория ёшлардан иборат. “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендиатлари, ёки “аллақачон туп қўйиб палак ёзганлар” — 50 доллар билан бизнес бошлаб, бугун Ўзбекистондан импорт қилаётганлар, ёки университетда 7 корейс талабага ўзбек тилини ўргатишдан бошлаб, ҳозир йилига 70 дан ортиқ талаба ўқитаётган олималар ҳам бор.

Президент уларга ташриф тафсилотларини тушунтиради, нега Кореяга келгани, муносабатларимиз қандай ривожланиб бораётгани, шу ердаги фуқароларга қандай кўмак бериш мумкинлиги ҳақида суҳбатлашади. 10 га яқин ёшларнинг таклифларини тинглайди.

Протокол хизмати бир неча бор раҳбар олдига келиб эслатади: “9 соат бўлди” .

Давлат раҳбари эса мулоқотни давом эттиради. Журналистлар мағзини чақишга уриниб кўрамиз. Тўхтовсиз ишлаётганларига 9 соат бўлдими ёки муҳим тадбир бошланишига 9 соат қолдими?

Учрашувда Кореяда тадқиқот олиб бораётган Елена Чуянова “тез-тез, шошилинч маданият”ни эслатади: 빨리빨리 문화 (ппалли-ппалли мунҳва). Яъни тараққиётдан ортда қолмаслик шарти — вақтни енгиш, нафақат “жисман”, балки “маънан енгиш”.

Кореяни ривожлантирган бу маданият президентимизнинг “шошилмасдан шошилиш” принсипига ўхшайди. Замондан ортда қолмайдиган Ўзбекистон қуриш орзуси шу.

“Бир дақиқа ҳам вақтингизни бекорга ўтказманглар. 5 йил ўтади, 10-15 йил ўтади. Ким бошқаради Ўзбекистонни? Сизлар. Тўғри, соғинч қийнайди. Ватан соғинчи аламида кўпроқ илм олинглар, ватанга садоқат билан хизмат қилинглар”.

9 соат “тик оёқда” ўтган кун барибир якунланмайди. 16-сентябрда Марказий Осиё бешлиги ва Корея саммити бўлади, ҳозир бориб президент ўз нутқини, ташаббусларни тайёрлайди.

Қачон раҳбар дам олади — бу саволга жавоб топиш бутун делегация учун ҳозирча жумбоқ.

“Ўзимниям қийнайман, сизларниям, ишламагунларингча қўймайман, бизга 40 миллион халқ қараб турибди. Уларни рози қилишимиз керак”.

9 соатлик “нон стоп”нинг сирини билмайман-у, мақсади эса аниқ шу.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.