Президент Кореядаги ватандошлар билан учрашди
Учрашув иштирокчилари Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида иқтисодиёт, илм-фан ва таълим соҳаларидаги алоқаларни кенгайтиришга қаратилган таклифларни илгари суришган.

**Президент Кореядаги ватандошлар билан учрашди**
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида ушбу мамлакатда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошлар билан учрашди.
Президент матбуот хизмати маълум қилишича, норасмий муҳитда ўтган самимий суҳбатда Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар ҳамда уларни ҳаётга фаол татбиқ этишда ватандошларимизнинг қўшаётган ҳиссаси муҳокама қилинган.
Учрашув қатнащилари Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида иқтисодиёт, илм-фан ва таълим йўналишларидаги алоқаларни кенгайтиришга қаратилган бир қатор илғор таклифларни илгари суришди.
Миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва давлат бошқарувига сунъий интеллект ҳамда Кореянинг рақамли технологияларини интеграция қилиш, тиббиёт, транспорт, божхона ва туризм соҳаларида инновацион ечимларни илгари суриш, миллий тўлов тизимлари ва пул ўтказмалари платформаларини жадал ривожлантириш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш бўйича ҳам аниқ таклифлар билдирилди. Жумладан, Корея Республикасида Ўзбекистон маданий марказлари тармоғини кенгайтириш, ўзбек тилини ўрганиш дастурларини ривожлантириш, икки мамлакат ҳудудида турли маданий тадбирларни ўтказиш ҳамда ўзбек мумтоз адабиёти намуналарини корейс тилига таржима қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон раҳбари мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун ватандошларимизга миннатдорлик билдириб, уларнинг ҳар бир ташаббуси батафсил ўрганилишини, энг муҳим лойиҳалар ҳар томонлама амалий қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Ўзбекистон етакчиси учрашувда қатнашган профессорлар, тадбиркорлар, фаоллар ва талабаларга ўқишда ва касбий фаолиятда муваффақиятлар тилаб, давлатимиз улар билан мулоқотга доимо очиқлиги, ватандошларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга тайёрлигини алоҳида қайд этди.

