Ўзбекистон ва Корея алоҳида стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида Корея Республикаси Президенти Ли Чже Мён билан тор

Ўзбекистон ва Корея алоҳида стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида Корея Республикаси Президенти Ли Чже Мён билан тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказди.
Учрашув чоғида Ўзбекистон–Корея алоҳида стратегик шериклигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари батафсил кўриб чиқилди.
Томонлар савдо, инвестициялар, муҳим минераллар, транспорт ва инфратузилма йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиришни устувор вазифа сифатида белгилади.
Қайд этилишича, Кореядан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 8 миллиард доллардан ошган. Мамлакатда Корея капитали иштирокидаги 700 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Жорий ташриф доирасида умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар тайёрланган. Шунингдек, Корея Эксимбанки билан 8 миллиард долларлик Стратегик ҳамкорлик дастури қабул қилинган.
Президентлар Кореянинг илғор технологиялари ҳамда Ўзбекистоннинг ресурс ва саноат салоҳияти асосида инновацион ва технологик алянс шакллантиришга алоҳида эътибор қаратдилар.
Ахборот технологиялари, киберхавфсизлик, тиббиёт, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида юқори технологияли ҳамда рақамли ечимларни жорий этиш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Шунингдек, ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, идоралараро алоқаларни кенгайтириш, қўшма тадбирлар ўтказиш ва ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам келишиб олди. Икки мамлакат ўртасида илк бор ўтказилган Ҳудудлараро форум натижалари юқори баҳоланиб, навбатдаги форумни Самарқанд шаҳрида ўтказиш белгиланди.
Музокараларда таълим ва кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айни пайтда Ўзбекистонда Жанубий Корея университетларининг тўртта филиали ва КОИСА кўмагида ташкил этилган бешта касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолият юритмоқда.
Маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2027 йилни “Маданият ва ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилиш ҳамда қўшма тадбирлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Музокаралар якунида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича икки томон позицияларининг яқинлиги ҳам тасдиқланди.

