Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлигининг янги йўналишларини белгилаб берди
Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикасининг Тҳе Чосун Даилй нашрида эълон қилинган мақоласида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорликни янги технологик босқичга олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, робототехника, электр транспорт воситалари ва биофармацевтика истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлигининг янги йўналишларини белгилаб берди
Корея Республикасининг Тҳе Чосун Даилй нашрида президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажак сари интилаётган ҳамкорлик» сарлавҳали мақоласи чоп этилди.
Президент мақолада икки давлат ўртасидаги тарихий ришталар, алоҳида стратегик шериклик, савдо ва инвестиция алоқаларининг бугунги ҳолати ҳамда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш имкониятларига тўхталди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми 5 баробарга ошган. Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтирган инвестициялари эса 8 млрд доллардан ошди.
Ҳозирда Ўзбекистонда Корея капитали иштирокидаги 700 дан ортиқ қўшма корхона ва лойиҳа фаолият юритмоқда. КОИСА, Корея Эксимбанки ва ЭДСФ билан ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 3,5 млрд доллардан зиёдни ташкил этади.
Мирзиёев икки мамлакат иқтисодиётларининг ўзаро тўлдирувчанлиги янги ўсиш драйверларини яратиш учун катта имконият эканини таъкидлади. Унинг фикрича, эндиликда алоҳида йўналишлардаги ҳамкорликдан умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантиришга ўтиш муҳим.
Мақолада сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, робототехника, электр транспорт воситалари, биофармацевтика, «ақлли» қишлоқ хўжалиги ва «ақлли шаҳарлар» Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари сифатида қайд этилган.
Шунингдек, таълим ва инсон капиталига инвестицияларни кўпайтириш, академик алмашинувларни ривожлантириш ҳамда қўшма илмий тадқиқотларни кенгайтириш зарурлиги таъкидланган.
Президент Марказий Осиё-Корея Республикаси саммитига ҳам алоҳида тўхталиб, уни Кореянинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа билан ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим майдон сифатида баҳолади.
Ўзбекистон ушбу формат доирасида сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва шерикликнинг янги механизмларини яратишга қаратилган ташаббусларни илгари суришни режалаштирмоқда.
Мирзиёев Марказий Осиё ва Корея Республикаси ўртасида тинчлик, инновациялар, ўзаро ишонч ва умумий фаровонликка асосланган янги ҳамкорлик маконини шакллантириш мумкинлигига ишонч билдирди.

