Қирғизистонда Атамбаевнинг ўғли 4 йилга қамалди
Суд кичик Атамбаевни оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўриш иши бўйича айбдор деб топиб, унга мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Қирғизистонда Атамбаевнинг ўғли 4 йилга қамалди
8-октабр куни Бишкекнинг Первомайский раён суди Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг ўғли Кадирбек Атамбаевни оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўриш иши бўйича айбдор деб топиб, мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 4 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Мазкур иш доирасида Социал-демократлар партияси етакчиси Темирлан Султанбеков 7 йилга қамалди. Бу ерда унга нисбатан сайловчиларни сотиб олиш иши бўйича илгари чиқарилган ҳукм ҳам инобатга олинган.
Собиқ депутат Эрмек Эрматов жиноятни яширишда айбдор деб топилди ва унга бир йиллик пробация (озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо) тайинланиб, шартли равишда озод этилди.
Яна бир собиқ депутат Кубаничбек Кадиров оқланган.
Қозоғистон фуқароси Серикбай Қоплонбек бир йил-у тўққиз ойга озодликдан маҳрум этилди, бироқ қамоқда сақланган даври бу муддатни қоплаб улгургани сабабли озод қилинди. У Қирғизистон ҳудудидан чиқариб юборилади.
Яна бир фигурант, Қирғизистон ва Қозоғистон фуқаролигига эга бўлган Абдурахим Абдрахманов ҳокимиятни босиб олишга тайёргарлик кўришга даъватчи деб топилди. Унга мол-мулки мусодара қилиниб, икки йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди, бироқ бошқа ишлар бўйича ҳукмлар ҳисобга олингач, умумий жазо муддати 8 йилни ташкил этди.
Суд жараёни ёпиқ тартибда ўтказилди.
2025-йил 24-ноябр куни, 30-ноябрга белгиланган парламент сайловлари арафасида Қирғизистон ИИВ Кадирбек Атамбаев ва унинг тарафдорлари қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Уларга нисбатан «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси бўйича айблов қўйилганди. Тинтувлар чоғида «қурол-яроғ, ўқ-дорилар, гранаталар, алоқа воситалари, молиялаштириш ҳужжатлари, ҳаракатлар режалари, гиёҳванд моддалар, шунингдек, 150 минг доллар миқдоридаги пул маблағлари мусодара қилингани» айтилганди.
Ички ишлар вазирлиги баёнотига кўра, ҳибсга олинганларнинг барчаси «республика парламентига сайлов натижалари сарҳисоб қилингандан сўнг оммавий норозилик кўринишини яратишга интилиб, бир қатор митинглар ўтказишни» режалаштирган. Хусусан, идора версиясига кўра, қўлга олинганлар «конституцияга зид талаблар» қўйиш ва «маъмурий бинолар, телеканаллар, куч тузилмалари обьектлари, қурол-яроғ ва жазони ижро этиш муассасаларини эгаллаб олишга уриниш»ни амалга оширмоқчи бўлган. Ушбу ҳаракатларни «жиноий унсурлар» — уюшган жиноий гуруҳлар ва спорт ҳамжамиятлари куч билан қўллаб-қувватлаши кўзда тутилганди.

