Дунё

Қирғизистонлик собиқ амалдор Тошкентда тўй қилди

Қирғизистонлик собиқ амалдор Тошкентда тўй ўтказди

30-август куни Тошкентдаги Марриотт Ҳотел Ташкент меҳмонхонасида Қирғизистон божхона хизмати собиқ раиси ўринбосари Райимбек Матраимовнинг ўғли Аймен Матраимовнинг тўйи бўлиб ўтди.

Тўй маросимида Қирғизистонда таниқли сиёсатчилар, жамоат арбоблари ва тадбиркорлар қатнашган. Жумладан, Жогорку Кенешнинг собиқ депутатлари Жусупбек Коргонбай, Элмирза Сатибалдиев ва Иброҳим Жунусов, шунингдек, шифокор Сабирбек Жумабеков ҳамда тадбиркор Асқар Салимбеков меҳмонлар орасида бўлган.

Тадбирда россиялик хонандалар Люся Чеботина ва Филипп Киркоров, шунингдек, қозоғистонлик хонанда Раим ҳам саҳнага чиққан.

“ПолитКлиника” маълумотига кўра, Аймен Матраимовнинг турмуш ўртоғи Самира Қозоғистоннинг нефт соҳасидаги таниқли тадбиркори Жақип Марабаевнинг набираси. У Лейла Солтанбаеванинг қизи.

Солтанбаева “Семург Инвест” ҳолдингида корпоратив директор лавозимида ишлайди. Нашр ёзишича, ушбу ҳолдинг Марабаевлар оиласи билан боғлиқ бўлиб, инфратузилма, транспорт-логистика, қурилиш ва инвестиция лойиҳалари билан шуғулланади.

Компаниянинг асосий лойиҳаларидан бири Қозоғистоннинг Манғистов вилоятидаги Қурик портида жойлашган кўп функсияли “Саржа” денгиз терминали ҳисобланади. Очиқ манбаларда “Семург Инвест” Қуриқ порти инфратузилмасини ривожлантиришда иштирок этиши қайд этилган. “Саржа” лойиҳаси эса Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш билан боғлиқ.

Райимбек Матраимов Қирғизистон Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари бўлиб, Қирғизистон божхонасидаги коррупсия юзасидан ўтказилган бир қатор журналистик суриштирувлардан кейин кенг жамоатчиликка танилган.

Суриштирувларда Матраимов ва унинг яқинлари учта йирик божхона терминали устидан назорат ҳамда юкларни ноқонуний олиб ўтиш схемалари билан боғлиқлиги аниқланган.

2020-йил октябрида Матраимов коррупсия иши бўйича қўлга олинган. 2021-йил февралида Бишкек шаҳрининг Первомай тумани суди уни айбдор деб топган. Ҳукм чиқарилишидан олдин у давлатга 2 миллиард қирғиз соми миқдоридаги зарарни қоплаган. Шундан сўнг суд унга 260 минг сом жарима белгилаган.

2024-йилда Матраимов яна терговга тортилган. Унга давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ва безорилик каби моддалар бўйича айбловлар қўйилган. У бир неча ой ҳибсда сақланган.

2024-йил ноябрида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Матраимов давлатга тахминан 200 миллион долларга баҳоланган активларини топширганини маълум қилган. Шундан сўнг Матраимов тергов ҳибсхонасидан озод этилган.

Декабр ойида суд уни безорилик ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш моддаларида айбдор деб топиб, 100 минг сом жаримага тортган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.