Лайфстайл

Қасос, муҳаббат ва сирли жиноятлар: томоша қилишга арзийдиган 7 та турк минисериали (трейлер)

Қасос, муҳаббат ва сирли жиноятлар: томоша қилишга арзийдиган 7 та турк минисериали (трейлер)

Турк сериаллари фақат узоқ давом этадиган мелодрамалари билан эмас, балки қисқа форматда ҳикоя қилинадиган, мазмуни ва актёрлик маҳорати билан томошабинни жалб этадиган лойиҳалари билан ҳам эътибор қозонмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда бир неча қисм ёки мавсумдан иборат мини-сериаллар орқали мураккаб оилавий муносабатлар, севги, қасос, жиноят ва инсон руҳиятининг турли жиҳатлари ёритилмоқда.

“Эртанги кун келмайдигандек” (2024)

Журналист Хоқон одатда сиёсат ҳақида ёзади, аммо бир куни унга сериал актрисаси Манолиядан интервю олиш вазифаси тушади. Бундан ташқари, одамлар унинг ролларидан кўра кўпроқ шов-шувли шахсий ҳаётини муҳокама қилишади. Шу сабабли ресторандаги учрашувда Хоқон Манолияга деярли менсимай муносабатда бўлади. Бироқ илк тўқнашувдан кейин улар бир уйда тунаб қолади, барча мавзуларни муҳокама қилади ва ҳатто ўзаро ролларини алмашади.

Бу турк минисериали Нидерландиянинг “Интервю” филмига асосланган. Туркча талқинда журналист образини “Муҳташам юз йил” сериали билан танилган Халит Эргенч ижро этган.

“Истанбулда учрашдик”

Диндор Марям фаррош бўлиб ишлайди ва сабабсиз ҳушидан кетишлари сабаб психиатр Перининг қабулига қатнай бошлайди. Пери ўз мижозидан бутунлай бошқача ҳаёт кечиради, шу боис уларнинг дунёқарашлари кескин фарқ қилади. Шу билан бирга, Марям билан боғлиқ бошқа одамлар: унинг золим акаси Ёсин ва депрессиядан азият чекаётган хотини Руҳия, психиатр Гулбин ва унинг диндор синглиси ҳамда бошқалар ҳақида ҳам ҳикоя қилинади.

Сериал бир шаҳарда, аниқроғи Истанбулда бутунлай бошқа оламларга мансуб одамларнинг қандай ёнма-ён яшашини кўрсатади. Бу Туркия аҳолиси ва уларнинг турмуш тарзи нақадар ранг-баранг эканини таъкидлайди.

“Ўқитувчи”

Турк лицейларидан бирида фожиа юз беради: сув спорти билан шуғулланган иқтидорли ўқувчи қиз ўз жонига қасд қилади. Бунга унинг гўёки допинг истеъмол қилаётгани акс этган сохта видео сабаб бўлади. Физика ўқитувчиси Акиф Эрдем ушбу ролик муаллифини аниқлашга уринади, бироқ буни радикал усулда амалга оширади. У бутун синфни гаровга олади, хонада бомба борлигини айтади ва ўқувчи қизнинг ўлимига ким сабабчи эканини тан олишни талаб қилади.

“Ўқитувчи” — бир йил аввал намойиш этилган “3-А синф, шу пайтдан бошлаб сиз гаровдасиз” номли япон сериалининг ремейки. Бироқ туркча талқин анча зулумкор чиққан: бош қаҳрамон ғайритабиий ва экссентрик ўқитувчидан қатъиятли ва қаттиққўл инсонга айланган.

“Севги 101”

1990-йилларнинг охирида Истанбулдаги лицейларнинг бирида тўрт ўқувчи — Синан, Эда, Усмон ва Керемни ўқишдан четлатишмоқчи бўлишади. Бироқ уларни меҳрибон ўқитувчиси Буржу ҳимоя қилади. Кўп ўтмай, йигит-қизлар ўқитувчисининг ишдан бўшаб, бошқа шаҳарга кўчиб кетишни режалаштираётганини билиб қолишади. Шунда ўсмирлар бир режа тузишади: уни янги жисмоний тарбия ўқитувчиси Камол билан таништириб қўйиш керак. Лекин негадир қаҳрамонлар бир-бирига кўнгил қўйишни исташмайди.

Турк мини-сериали ўзига хос тарзда ишланган: унда қаҳрамонларнинг мактаб йиллари ва уларнинг улғайган пайтдаги ҳозирги ҳаётидан лавҳалар параллел равишда ҳикоя қилинади. Воқеалар нафақат ўқитувчининг шахсий ҳаётини йўлга қўйишга уринишлар, балки илк муҳаббатни бошдан кечираётган ва келажак ҳақида ўйлай бошлаган ёшларнинг кечинмаларига ҳам бағишланган.

“Фатма”

Фаррош бўлиб ишлайдиган Фотиманинг ўғли вафот этади, яқинда қамоқдан чиққан эри эса ғойиб бўлади. Аёл бу ишни ўзи тергов қилишга қарор қилади ва тасодифан қотиллик содир этиб қўяди. У ўзининг кўзга ташланмайдиган мавқейидан фойдаланиб, йўлига тўғаноқ бўлаётган одамлардан бирма-бир қутула бошлайди. Шу тариқа Фотима ўтмишдаги хўрлик ва жароҳатлар учун қасос олади.

Сериал ғояси муаллифларда фаррош каби “кўринмас” касблар ҳақидаги ўй-хаёллардан сўнг пайдо бўлган. Улар сюжетни бош қаҳрамоннинг босқичма-босқич ўзгариши ҳақидаги ҳикояга айлантиришга қарор қилишган: ювош аёл серияли қотилга айланади, бироқ бу деярли мажбурликдан содир бўлади.

“Дилемма”

Журналист Неслиҳан Турхон кўрсатувининг жонли эфирида жиноятчиларни фош қилиши билан танилган. У васвасаларга берилмайди ва доим ҳақиқатни излайди. Аммо қотиллик қурбони бўлган қизнинг жасади топилгач, тергов Неслиҳанни ўғлига олиб чиқади. Энди қаҳрамон ўз принсиплари ва фарзандини ҳимоя қилиш истаги ўртасида танлов қилиши керак.

“Дилемма” Амазон Приме Видео платформасида намойиш этилган илк турк мини-сериали бўлди. Режиссёр Жон Улкай бундан аввал тўлиқ метражли филмлар устида ишлагани учун стриминг лойиҳасини ҳам кино форматига яқинроқ услубда суратга олган.

“Виждон сўзи”

Қачонлардир Жиҳан Адабейли ўз халоскорига унинг ҳар қандай истагини бажо келтиришга ваъда берган эди. Орадан йиллар ўтиб, ўша одам қизи Исрони ҳимоя қилишни сўраб унга мурожаат қилади. Жиҳан қизни оиласига тегишли оролга олиб кетади ва аста-секин унга кўнгил қўяди. Бироқ Исра учун бойлик ва интрига олами бегона бўлиб чиқади.

Сериал аввало ўзининг визуал тасвирлари билан эътиборни тортади. Лойиҳа учун махсус улкан суратга олиш майдони яратилиб, у хаёлий ҳашаматли оролга айлантирилган. Яна ҳам ҳаққоний чиқиши учун суратга олиш ишлари Измир ва Калем оролида ҳам олиб борилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.