Қовоқ, лавлаги ва аччиқ қалампир: организмни вируслардан ҳимоя қилувчи бошқа кузги сабзавотлар

Қовоқ, лавлаги ва аччиқ қалампир: организмни вируслардан асровчи бошқа кузги сабзавотлар
Сабзавотлар соғлом овқатланишнинг ажралмас қисми экани ҳаммага маълум. Улар организм учун зарур бўлган клетчатка, крахмал, минерал ва биологик фаол моддаларни ўзида жамлайди. Бундан ташқари, сабзавотлар инсон иммунитетини кучайтириш, организмни турли касалликлардан ҳимоя қилиш хусусиятига эга, деб ёзади “Новий очаг”.
Иммунитетни қандай кучайтириш мумкин?
Мавсумий инфексияларни енгиб ўтиш учун тўғри овқатланиш зарур. Рационда оқсилларнинг бўлиши организм учун муҳим бўлиб, улар мушаклар, органлар ва тери ҳолатини яхшилашда иштирок этади. Шунингдек, улар ферментлар ва гормонлар ишлаб чиқариш, организмнинг функсионал фаоллигини таъминлаш ҳамда иммунитет тизимини мустаҳкамлаш учун керак.
Ёғлар эса яллиғланишга қарши ҳимояни таъминлайди ва вирус тарқалишига қарши туради.
Углеводлар организмнинг асосий ёқилғиси бўлиб, инсон танасида кечадиган барча жараёнлар учун энергия беради. Углеводлар сабзавотлардаги асосий озиқ моддалардан биридир.
А витамини иммунитет тизимини микроб ва вирусларни йўқ қиладиган ҳужайралар ишлаб чиқаришга рағбатлантиради, Э витамини эса кучли антиоксидант ҳисобланади. С витамини антитаналар ишлаб чиқаришда муҳим рол ўйнайди, иммунитет учун жавобгар бўлган оқ қон ҳужайралари сонининг ортишига ёрдам беради.
Клетчатка ичак микрофлорасини қўллаб-қувватлайди, овқат ҳазм қилиш тизимини яхшилайди ва организмни токсинлардан тозалашга кўмаклашади.
Антиоксидантлар оксидланиш жараёнларига қарши курашади ва натижада ҳужайраларни тиклашга, организмдаги метаболик жараёнларни оптималлаштиришга ҳамда иммунитет тизимини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Фермент ва фитонсидлар патоген бактерия ва вирусларни бостирадиган табиий антибиотиклар бўлиб, улар иммунитет тизимини имкон қадар мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Минераллар (калсий, фосфор, магний, натрий, калий, хлор, олтингугурт, темир, рух, мис, ёд, фтор ва бошқалар) барча ҳужайралар, тўқималар ва суякларнинг таркибий қисмидир; улар организмдаги кислота мувозанатини сақлайди ва метаболизмга катта таъсир кўрсатади.
Сабзавот клетчаткаси организмнинг табиий детоксификациясини таъминлайди, токсик метаболитларни чиқариб юборади ва шу орқали иммунитетни ҳимоя қилади. Организмда токсинлар камроқ тўплангани сабабли, иммунитет тизими ҳам шунга яраша камроқ зўриқади.
Кузги сабзавотлар таркибида нималар бор?
Карам
Карам энг фойдали кузги сабзавотлардан бири бўлиб, уни мунтазам истеъмол қилиш иммунитет тизимини мустаҳкамлайди, чунки унда А, С, Э, Б витаминлари, калсий, калий ва фосфор мавжуд. Бундан ташқари, С витамини хом ва тузланган карамда сақланиб қолади. Карам толага бой манба бўлиб, ичак фаолиятини фаоллаштиради. Қолаверса, франсуз олимлари тузланган карам коронавирус организмга кирганда унинг таъсирини камайтириши мумкин, деган хулосага келган.
Қовоқ
Қовоқнинг асосий афзаллиги минералларнинг юқори миқдорида: калий, калсий, магний, мис, фосфор ва темир. Қовоқда витаминлар ҳам кўп: С, Э, Б гуруҳи. Клетчатканинг юқори миқдори туфайли қовоқ ичак фаолиятини рағбатлантиради. Қовоқ сабзи ёки мол гўшти жигарига қараганда бир неча баравар кўп каротинни ўз ичига олади ва бу қизил-тўқ сариқ маҳсулот пигменти яққол антиоксидант хусусиятларга эга. Қовоқ таркибида рух кўп, унинг уруғларида эса қимматбаҳо ўсимлик мойлари бор.
Сабзи
Сабзи жуда кўп каротинни ўз ичига олади, бу модда инсон организмида ретинол (А витамини) га айланади ва вирусли ҳамда бактериал касалликларнинг олдини олишга ёрдам берадиган ажойиб антиоксидантдир. Илмий тадқиқотлар қайнатилган сабзи хом сабзига қараганда кўпроқ антиоксидант хусусиятларга эга эканини исботлаган. Пиширилганда антиоксидантлар даражаси деярли 34 фоизга ошади. Сабзи таркибида С, Б, Э витаминлари ҳамда калий, фосфор, темир, мис, ёд, рух каби минераллар кўп.
Лавлаги
Бу ноёб маҳсулот таркибида инсон организмининг кўплаб ички органлари ва тизимларининг тўғри ишлаши учун зарур бўлган жуда кўп фойдали моддалар мавжуд. Лавлаги ичакларни тозалайди, метаболизмни яхшилайди, А, С, Э, Б витаминлари ҳамда калий, натрий, фосфор, магний, калсий, темир, рух, марганец, мис ва селен каби минералларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, лавлаги таркибидаги моддалар оқсилларнинг сўрилишини ва қондаги гемоглобинни ташишни яхшилайди. Илдиз ҳосилида табиий антиоксидантлар жуда кўп.
Пиёз ва саримсоқ
Бу сабзавотларнинг ўткир ҳиди кучли антивирус ва антибактериал таъсирга эга фаол моддалар — фитонсидлар борлигини билдиради. А, Э витаминлари, органик кислоталар, минераллар ва эфир мойларига бой таркиби туфайли пиёз ва саримсоқ вирусли касалликлар ҳамда шамоллашнинг олдини олиш ва даволаш учун фойдалидир. Организмдаги фитонсидлар, иммуностимуляторлар ва эфир мойлари туфайли вируслар ривожланиши учун мос бўлмаган муҳит юзага келади. С витамини шиллиқ пардаларни ҳимоя қилади. Рух, темир ва Б витамини гемоглобинни оширади ва организмнинг табиий ресурсларини фаоллаштиради.
Аччиқ қалампир
Унинг таркибидаги капсаицин қон айланишини фаоллаштиради, балғамни кўчиради, унинг ўпкадан чиқишини осонлаштиради ва бевосита антибактериал ҳамда антивирус таъсирга эга. Бу сабзавот томоқ шишини ва бурун тиқилишини бартараф этишга қодир.

