Маҳаллий

Президент бизнесни рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш таклифини маъқуллади

Президент Шавкат Мирзиёев бизнесни рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш таклифини тасдиқлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш якунлари ҳамда миллий статистика тизимида ислоҳотларни жадаллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон аҳолиси 1989-йилдан буён қарийб икки баробар, иқтисодиёт эса сўнгги саккиз йилда икки карра ўсган. Бундай ўзгаришлар аҳоли таркиби, яшаш манзиллари, ер ресурслари, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат манбалари тўғрисида аниқ ва ишончли маълумотларга бўлган эҳтиёжни оширади.

Шу мақсадда жорий йилда ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари бўйича ахборот берилди.

Дастлабки натижаларга кўра, мамлакатда доимий аҳоли сони 39 миллион 47 минг нафарни ташкил этди. Амалдаги ҳисобда акс этмаган 810,6 минг нафар аҳолининг яшаш манзили ва ижтимоий мақомига аниқлик киритилди.

Амалдаги маълумотлар билан солиштирганда Жиззах вилояти аҳолиси 2,7 фоиз, Наманганда 1,3 фоиз, Сурхондарёда 0,9 фоиз ва Қашқадарёда 0,7 фоиз кам экани аниқланди. Бухоро вилоятида кўрсаткич деярли ўзгармаган, бошқа ҳудудларда эса ўсган. Хусусан, Тошкент тумани аҳолиси аввалги ҳисобга нисбатан 1,6 баробар кўп, Андижон шаҳрида эса 15,8 фоиз кам экани маълум бўлди.

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижасида ҳисобда акс этмаган 985,5 минг гектар ернинг чегараси ва тоифаси аниқлаштирилди. Шундан 789,5 минг гектари экин ерлари, 14,1 минг гектари иссиқхоналар, 75,3 минг гектари боғлар, 21,4 минг гектари токзорлар ва 85 минг гектари балиқчилик ҳавзаларига тўғри келади.

Жараёнларнинг рақамлаштирилгани ҳисобига рўйхатга олиш харажати аҳоли жон бошига 1,5 минг сўмдан ошмади. Бу МДҲ давлатларидаги кўрсаткичларга нисбатан 15 баробар кам. Интернет орқали рўйхатга олиш қамрови 82,3 фоизни ташкил этди. Барча жараёнлар 15 кунда якунланиб, Ўзбекистон рўйхатга олиш тезлиги бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллади.

Рўйхатга олиш натижалари асосида аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг доимий янгиланиб борадиган статистик регистрлари шакллантирилади. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларига оид 100 та, қишлоқ хўжалиги ва экин майдонларига доир 50 та кўрсаткич янгиланади. Шунингдек, 2017-2025-йиллар учун миллий ҳисоблар кўрсаткичлари қайта баҳоланади.

Тақдимотда иқтисодий фаолиятни тўлиқ статистик ҳисобга олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 23 фоизни ёки 246 триллион сўмни ташкил этмоқда. Қишлоқ хўжалигида умумий айланманинг 60 фоизи ушбу сектор ҳиссасига тўғри келади.

Меҳнат билан банд бўлган 15,2 миллион аҳолининг 6,5 миллиони ёки 42 фоизининг даромадлари расмий ҳисобда тўлиқ акс этмаяпти. Рўйхатдан ўтган кўплаб кичик ва ўрта бизнес субьектлари амалда ишламайди ёки фаолиятини тўхтатган.

Мазкур ҳолат ҳалол ишлаётган ва солиқ мажбуриятларини тўлиқ бажараётган корхоналар учун носоғлом рақобат муҳитини юзага келтирмоқда. Ҳар 4-5 сўмлик иқтисодий айланманинг 1 сўми расмий статистика эътиборидан четда қолмоқда. Ушбу фаолиятни тартибга солиш буджетга қўшимча ўнлаб триллион сўм тушум таъминлаш ва келгусида солиқ юкини камайтириш имконини беради.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 15-октябридан 30-ноябрига қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш таклифи маъқулланди. Унинг доирасида мамлакатда фаолият юритаётган барча иқтисодий бирликлар хатловдан ўтказилиб, субьектларнинг ҳолати, таркиби ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича тақсимотига аниқлик киритилади. Корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги статистик регистрлар янгиланиб, танланма кузатувлар учун ишончли асос яратилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.