“Одамларимиз четга чиқиб ишлашига зарурат қолмайди” — Шавкат Мирзиёев

“Халқимизнинг чет элда ишлашига ҳожат қолмайди” — Шавкат Мирзиёев
Жорий йилда ялпи ички маҳсулотни 180 миллиард доллардан, экспортни эса 40 миллиард доллардан ошириш мақсади қўйилди. Шавкат Мирзиёев иқтисодиётни янги босқичга олиб чиқиш бўйича асосий вазифаларни белгилаб берди.
“Биз 40 миллион аҳолига эга халқмиз. Халқимиз ҳаётини янада яхшилаш учун юқори иқтисодий ўсишни сақлаб қолишимиз зарур”, деди давлат раҳбари.
Жорий йилда ялпи ички маҳсулотни 180 миллиард доллардан, экспортни 40 миллиард доллардан ошириш мақсадида тадбиркорларга юқори даромадли иш ўринлари, қўшилган қиймат ва ташқи бозорларни кенгайтириш учун барча шароитлар яратилади.
Таъкидланишича, Тошкентда экспортга йўналтирилган бизнес, Андижон, Фарғона ва Наманганда тўлиқ занжирли тўқимачилик ва машинасозлик, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда туризм, креатив индустрия ва агросаноат брендлари янги ўсиш нуқталари бўлиши керак.
Навоий ва Тошкент вилоятларида тоғ-кон, металлургия ва кимё, Қашқадарё ва Сурхондарёда агросаноат ва нефт-газ кимёсида узун қўшилган қиймат занжирларини яратиш вазифаси қўйилди. Қорақалпоғистонда “яшил” энергетика, АТ ва сунъий интеллект иқтисодий драйверга айлантирилади.
Жиззах ва Сирдарёда автомобилсозлик, электротехника ва қурилиш материаллари бўйича рақобатбардош кластерлар ривожлантирилади.
“Ана шунда халқимизнинг чет элда ишлашига ҳожат қолмайди, Янги Ўзбекистон тадбиркорлари янги ривожланиш босқичига чиқади. Ишончим комил, бунга кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади!”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот якунида янги авлод тадбиркорлари шаклланаётганини эътироф этиб, уларни ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёр эканини қатъий таъкидлади.
“Сизлар билан гаплашиб, бир нарсага амин бўлдим. Юртимизда замонавий фикрлайдиган, ўз бизнесини кенгайтириш учун янгиликка интилаётган янги авлод тадбиркорлари шаклланмоқда. Ҳеч қачон олдинга интилишдан, ўсишдан, ривожланишдан, янгилик қилишдан тўхтаманг! Сизларнинг ортингизда доимо қўллаб-қувватлайдиган кучли давлат, ҳуқуқ ва манфаатингизни ҳимоя қиладиган қонун, ташаббус ва мақсадларингизни рўёбга чиқаришда елкадош бўлган президент бор!”, деди давлат раҳбари.

